Халқ билан мулоқот муаммога ечим бўлмоқда
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим мезони - уларнинг инсон ҳаётида, оила ва маҳалла турмушида қандай акс этаётгани билан белгиланмоқда. Шу боис давлат бошқарувида халқ билан мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатларини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва аниқ ечим топишга қаратилган ёндашув тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, маҳалла даражасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда халқ депутатлари Кенгашлари ва депутатларнинг ўрни беқиёс. Чунки депутат - сайловчи билан давлат ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин. Унинг фаолияти қанчалик самарали ташкил этилса, аҳоли мурожаатларининг ечими, ҳудуддаги ижтимоий муаммоларнинг бартараф этилиши ҳам шунчалик натижадор бўлади.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Абдукарим Саксоновнинг Навбаҳор туманида ўзи сайланган ҳудудда олиб бораётган ишлари ана шу тамойилнинг амалий ифодасидир.
Депутат маҳаллаларда аҳоли билан учрашиб, сайловчилар мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий объектлар ҳолати билан танишиш, мавжуд муаммоларни масъуллар иштирокида муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар илгари суришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўрганишлар давомида аҳолини кундалик ҳаётда қийнаётган, бир қарашда оддийдек кўринса-да, маҳалла аҳолиси учун муҳим бўлган масалалар аниқланмоқда. Йўлларни таъмирлаш ва асфалтлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр тармоқларини янгилаш, томорқаларни суғориш учун зарур инфратузилмани барпо этиш, ижтимоий объектларни таъмирлаш каби масалалар шулар жумласидандир.
Хусусан, Навбаҳор маҳалласидаги 9-сонли Ғужбоғтепа оилавий шифокорлик пункти биносини таъмирлаш, аҳоли томорқаларини оқар сув билан таъминлаш учун “Ўнг қирғоқ” каналидан бошланувчи 1 километрлик ариқни бетонлаш масалалари кўтарилди.
Ўзбекистон маҳалласида “Шаббода - 1”, “Шаббода - 2” ва “Шаббода - 3” кўчаларидаги ички йўлларни асфалтлаш, электр узатиш устунлари ва трансформаторни янгилаш зарурати ўрганилди. Ғужбоғтепа маҳалласи учун янги маъмурий бино қуриш бўйича аҳоли таклифлари ҳам тегишли мутасаддилар эътиборига етказилди.

Бу масалаларнинг ҳар бири аҳоли турмуш сифати билан бевосита боғлиқ. Яхши йўл одамларнинг эркин ҳаракатланиши, сифатли ичимлик суви саломатлик, барқарор электр таъминоти эса қулай ҳаёт ва тадбиркорлик учун муҳим омил. Томорқа ерларининг сув билан таъминланиши эса хонадонлар даромадини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имконият яратади.
Навбаҳор туманидаги “Янгийўл” маҳалласида ўтказилган ўрганишларда “Янгийўл” шоҳ кўчасининг 3 километрлик қисмини таъмирлаш ва асфалтлаш, “Жаннаткон” ва “Лочин” кўчаларида яшовчи 160 нафар оилани тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун сув қувурларини янгилаш каби масалалар аниқланди.
Шунингдек, 150 нафар оиланинг томорқа ер майдонларини суғориш масаласи ҳам ўрганилиб, бунинг учун тик қудуқ қазиш ёки оқар сув ариқларини ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш таклиф этилди.
Депутат томонидан Янги йўл маҳалласидаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника ва 22-сонли мактабда олиб борилаётган қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари ўрганилди. Қурилиш ишларининг белгиланган муддатларда, сифат талаблари асосида якунланиши, маблағ ва материаллардан самарали фойдаланилиши юзасидан масъулларга тавсиялар берилди.
21-сонли математика фанига ихтисослаштирилган умумтаълим мактабидаги ҳолат эса таълим муассасаларида инфратузилмани янада яхшилаш заруратини кўрсатмоқда. Бугун 897 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мазкур таълим масканида 250 ўринга мўлжалланган қўшимча ўқув биносига эҳтиёж мавжуд.
Бу масала бўйича тегишли дастурларга таклиф киритиш ва муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан вилоят ҳамда туман ҳокимликларига депутатлик сўровлари юборилди. Энг муҳими, масала депутатлик назоратига олинди.

Депутатнинг Қоровултепа маҳалласидаги ўрганишлари ҳам ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятли.
Маҳалла еттилиги вакиллари билан биргаликда ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш баробарида аҳолини доимий иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Аҳоли билан ўтказилган сайёр қабуллар ҳам депутатлик фаолиятининг муҳим қисми бўлмоқда. Фуқароларнинг ўнга яқин мурожаат ва таклифлари қабул қилиниб, уларни қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш, зарур ҳолларда тегишли давлат органлари ва ташкилотларига депутатлик сўровлари юбориш белгиланди.
Бугун халқ вакилидан талаб этилаётгани ҳам шу - сайловчи билан бирга бўлиш, унинг дардини эшитиш, муаммони масъуллар олдига қатъий қўйиш ва натижага эришилгунга қадар масалани назоратдан четда қолдирмаслик. Ана шундай масъулиятли ва фаол депутатлик фаолияти эса халқ ишончини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини янада халқчил қилиш ва ислоҳотларнинг маҳалладаги амалий самарасини таъминлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири