“Grand Chess Tour 2026”: Жавоҳир Синдоров Варшавада кучлилар билан куч синашмоқда
Улар орасида амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу, номдор гроссмейстерлар: польшалик Ян-Криштофф Дуда, франциялик Максим Вашье-Лаграв ва Алиреза Фирузджа, АҚШлик Фабиано Каруана ва Уэсли Солар бор.
Польша пойтахти Варшава шаҳрида ўтаётган “Grand Chess Tour 2026” халқаро турнирининг ортда қолган 6 та тур ўйинларидан кейин ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 4 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 9-ўринда ҳаракатланмоқда.
Мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларидан иборат нуфузли турнирнинг илк кунида шахматчилар рапид йўналишида учта турда куч синашди.
Жавоҳир Синдоров 1-турда қора доналарда америкалик Ҳанс Мок Ниеманн, 2-турда оқ доналарда польшалик Ян-Криштофф Дуда билан муроса йўлини танлаган бўлса, 3-турда қора доналарда мезбонлар вакили Радослав Войташекдан устун келди.

Кеча халқаро турнирнинг 4-6-тур баҳсларида 2025 йилги Жаҳон кубоги соҳиби Ж.Синдоровга омад кулиб боқмади.
Ҳамюртимиз 4-турда қора доналарда америкалик Уэсли Сога, 5-турда оқ доналарда Гукеш Доммараджуга, 6-турда қора доналарда франциялик Максим Вашье-Лагравга ютқазиб қўйди.
Айтиш лозим, мазкур мусобақада Жавоҳир Синдоровнинг амалдаги Жаҳон тожи соҳиби, ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу билан куч синашиши кўпчилик ишқибозлар учун энг қизиқарли баҳслардан бири бўлди.
Маҳоратли шахматчимиз кеча ўтказилган 3 та тур мусобақаларида қўпол хатоларга йўл қўйди. Бу, ўз навбатида рақибларига ютуққа эришиш имкониятини вужудга келтирди.
Айниқса, Со ва Гукеш билан кечган ўйинларнинг илк юришларида Жавоҳир ютуқли йўлакка чиқиб олганди. Бироқ кичик хатоликлар охир-оқибат ўз сўзини айтди.
Бугун, 7 май куни халқаро турнир рапид йўналишидаги сўнгги 7-9-тур учрашувлари бўлиб ўтади.

Синдоров 7-турда оқ доналарда словениялик Владимир Федосеев билан, 8-турда қора доналарда АҚШ вакили Фабиано Каруана билан 9-турда оқ доналарда франциялик Алиреза Фирузджа билан баҳс олиб боради.
Халқаро турнир низомига мувофиқ, 8-9 май кунлари “Grand Chess Tour 2026” турнирининг 18 та турдан иборат блиц йўналишидаги мусобақалари ташкил этилади.
Шахматчимиз учун Жаҳон чемпионлиги ҳамда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мусобақаларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналган мазкур Польша турнири ўзига хос мактаб вазифасини ўтайдики, бунда тўпланган тажриба келгусидаги катта муваффақиятларга пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг энг кучли 10 нафар шахматчиси иштирокида ўтказилаётган ушбу турнирда ғолибликка эришган шахматчи 50 минг АҚШ доллари билан мукофотланади. Шунингдек, 2-10-поғоналарни банд этган ҳар бир иштирокчи мос равишда белгиланган мукофот пулларига эга чиқади.
Т.Рўзиев, ЎзА