Гўзаллик ва нафосат аёл билан
Аёл борки олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади. Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади.
Шу маънода юртимизда баҳорий кайфият уфуриб турган кўкламнинг илк кунларида нишонланган хотин-қизлар байрам – халқ сайли тарзида ўтказилди.

Андижонда Бобур шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ҳамда концерт дастури бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан байрам тадбирига ташриф буюрган онахонлар, вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожида фаол қатнашиб, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида фидойилик билан меҳнат қилаётган латофатли опа-сингиллар, меҳмонлар гуллар билан кутиб олинди.
Дунё кўрки, Сиздан олмиш андозалар,
Ўзбегимнинг бекалари – хонзодалар,
Уйимизнинг фариштаси – озодалар,
Нурдай тоза, гулдай нозик хаёллари,
Назокатли ўзбегимнинг аёллари.
Бор гўзаллик, ҳусн – чирой Cизда асли,
Офтоблар ҳам Сизни ширмой юзда асли,
Жаннат йўли, Сизлар босган изда асли,
Зулфи гавҳар, кокили зар – зилоллари,
Нафосатли ўзбегимнинг аёллари.
Ана шундай гўзал шеърий сатрлар билан бошланган байрам тадбири очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов опа-сингилларимизни байрам билан муборакбод этиб, оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан эканлиги, Президентимиз ташаббуси билан бу борада юртимизда эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Бугун ватанимиз тараққиёти, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Байрам тадбирида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Байрам тадбирида барча туман ва шаҳарлар, бошқармалар, вилоят ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳаллалар вакиллари бўлган минглаб андижонликлар иштирок этиб, намойиш этилган бадиий дастурлардан баҳраманд бўлди.


Юртимизнинг севимли ва таниқли санъаткорлари Райҳон Ғаниева, Улуғбек Раҳматуллаев, Нилуфар Усмонова, Бунёдбек Саидов ҳамда сўз устаси Аваз Охун иштирок этган гала-концертда ижро этилган баҳор, аёл, унинг бахти, юрт мадҳи, тинчлик, севги ва садоқатни мадҳ этувчи рақс, куй ва қўшиқлар, чиқишлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Вилоятнинг барча гўшаларида хотин-қизлар байрами тадбирлари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.