Ғолиб жамоа кутиб олинди
Умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида ўтказилган “Экологияга оид қонунларни биласизми?” танловининг мамлакатимиз босқичида Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани 15-сонли мактабнинг “Қоратол” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Қадирбай Исмаилов бошчилигида ғолиб ўқувчилар Нукус темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Танловнинг асосий мақсади ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантириш ва қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотишдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда экологик ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган танлов аҳамиятига тўхталди. Ёшларнинг ушбу ютуғи нафақат улар таҳсил олаётган мактабнинг, балки бутун ҳудуд учун катта ғурур ва ифтихор эканлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.