Гиёҳвандлик ва унга қарши кураш масалалари кенг муҳокама қилинди
Гулистон давлат университетида “Жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда гиёҳвандликка қарши кураш: тиббий-профилактик ёндашувлар ва инноватсион ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда гиёҳвандликнинг олдини олиш, унинг жамиятга салбий таъсирини камайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган масалалар кенг муҳокама этилди.
Анжуман очилишида сўзга чиққан Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ходжиев бугунги кунда гиёҳвандликнинг глобал таҳдид сифатида инсон саломатлиги, ижтимоий барқарорлик ва маънавий муҳитга жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, профилактик ишларни кучайтириш ва илмий ёндашувларга асосланган кураш механизмларини жорий этиш муҳим экани қайд этилди.
Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов модераторлигида ўтказилган ялпи мажлисда мутахассислар гиёҳвандликнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг тиббий ва психологик оқибатлари, жамиятга таъсири ҳамда унинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, таълим муассасаларида профилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-29807]
Муҳокамалар жараёнида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда хавф гуруҳларини аниқлаш, мониторинг тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳам кўтарилди. Шу билан бирга, тиббиёт, таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари томонидан гиёҳвандликка қарши курашда илмий асосланган ёндашувларни кенг жорий этиш, ёшларни зарарли одатлардан асраш ва соғлом жамиятни шакллантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА