Босқичма-босқич яхшиланмоқда
Сирдарё вилоятида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ҳудудий электр тармоқлари АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан кенг кўламли лойиҳалар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, Янгиер шаҳрида электр таъминоти инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида 23,8 километр электр узатиш тармоқларини янгидан қуриш ҳамда 8 та трансформатор пунктини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 259 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 14,6 километр электр тармоқлари тортиб бўлинди.


Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида электр таъминоти тизимидаги мавжуд ускуналарнинг ишончлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 123 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 64 та трансформатор пунктида таъмирлаш ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган ушбу ишлар электр энергияси таъминотида узлуксизликни таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда тармоқдаги техник ва тижорат йўқотишларни сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.


Энг муҳими, модернизация лойиҳаларининг босқичма-босқич амалга оширилиши Янгиер шаҳри аҳолиси учун сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш имкониятларини янада кенгайтиради.
– Ҳудудларда электр таъминоти тизимини модернизация қилиш, янги тармоқларни қуриш ва мавжуд инфратузилмани янгилаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Янгиер шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини барпо этиш, шунингдек, мавжуд тармоқларни таъмирлаш ва мустаҳкамлаш ишлари куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Бу эса тизимдаги техник йўқотишларни камайтириш ва хизмат сифатини ошириш имконини беради, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали капитал қурилиш масалалари бўйича директор ўринбосари Аброр Тўрабеков.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири