Гиннес рекордлар китобига кирган гуллар шаҳри
Наманганга ҳар сафар ташриф буюрган инсон бу шаҳарнинг ўзига хос нафаси, файзи ва гўзаллигини ҳис этади. Аммо бу йилги 65-халқаро гуллар фестивали нафақат наманганликлар, балки минглаб меҳмонлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Фестиваль майдонларига кирганингизда инсон ўзини гўё ранглар ва ифорлар оламига тушиб қолгандек ҳис қилади. Бу ерда оддий ҳовли гулларидан тортиб, дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилган ноёб ва экзотик ўсимликларгача намойиш этилган. Асрни қаршилаган юз йиллик кактуслар, турфа хил хонадон гуллари, манзарали композициялар ва моҳир гулчилар меҳнати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Энг муҳими, фестиваль инсоннинг кўзини қувонтиради, қалбига завқ бағишлайди. Гуллар нафақат табиат гўзаллиги, балки инсон меҳнати, дид ва яратувчанлик тимсоли эканини яна бир бор англатади.
– Бу йилги фестиваль Наманган учун тарихий воқеа билан ҳам ёдда қолди, – дейди Наманган вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Ботир Нуритдинов. – Гул етиштириш бўйича мутахассислар бир ой давомида 29 миллиондан ортиқ гул кўчатини экиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришга муваффақ бўлди. Бу нафақат рекорд, балки бирлашган халқ меҳнати, эзгу мақсад ва юртга меҳр намунасидир.

Фестивалнинг яна бир аҳамиятли жиҳати унинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидир. Марказий Осиё мамлакатларидан, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар ва мутахассислар Наманганнинг имкониятлари, меҳмондўстлиги ҳамда гўзал табиати билан яқиндан танишмоқда. Турли миллат вакилларининг бир майдонда йиғилиб, гўзалликдан баҳраманд бўлаётганини кўриш инсонни беихтиёр қувонтиради.

– Наманганга биринчи марта келишим, – дейди Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидан келган сайёҳ Айгул Токтосунова. – Гуллар фестивали ҳақида кўп эшитган эдим, аммо кўрганларим кутганимдан ҳам ортиқ бўлди. Шаҳарнинг озодалиги, кўчаларнинг гуллар билан безатилгани, одамларнинг меҳмондўстлиги бизда катта таассурот қолдирди. Турли мамлакатлардан келган инсонларнинг бир жойда гўзалликдан завқланаётганини кўриб, бундай фестиваллар халқларни янада яқинлаштиришига ишонч ҳосил қилдим. Наманган ҳақиқатан ҳам гуллар шаҳри экан.
Аслида гуллар фестивали фақат маданий тадбир эмас. У мамлакатимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, туризмни ривожлантириш сиёсати ва халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятининг амалий ифодасидир. Бугун Наманган нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг йирик гулчилик марказларидан бири сифатида танилмоқда.

– Ҳар йили халқаро гуллар фестивалида оилавий иштирок этамиз, – дейди гулчи Мунаввар Ўринова. – Бу нафақат маҳсулотларимизни намойиш қилиш, балки янги ҳамкорлар топиш, тажриба алмашиш ва даромадимизни ошириш имконини ҳам беради. Бугун кўплаб оилалар гулчилик орқали ўз турмуш фаровонлигини таъминламоқда.
Унинг таъкидлашича, фестиваль давомида бир йиллик меҳнат самараси намоён бўлади ва гулчилар учун янги бозорлар очилади.
1961 йилда бошланган мазкур анъана ўтган 65 йил давомида катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бир вақтлар маҳаллий байрам сифатида ўтказилган тадбир бугун халқаро майдонга чиқиб, миллионлаб инсонларни ўзига жалб этаётган нуфузли фестивалга айланди.

Наманганга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон бу ердан фақат гуллар хотирасини эмас, балки инсон меҳнати билан яратилган гўзалликка бўлган ҳурмат ва фахр туйғусини ҳам олиб қайтади. Шу маънода, 65-халқаро гуллар фестивали Наманганнинг навбатдаги байрами эмас, балки юртимизнинг очиқлик, тараққиёт ва гўзалликка интилиш рамзи сифатида тарихга муҳрланди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА