Германияда илмий стажировка: ўсимликлар биологияси бўйича халқаро тажриба ўрганилмоқда
Айни пайтда Германиянинг Гатерслебен шаҳрида жойлашган Leibniz Institute of Plant Genetics and Crop Plant Research (IPK) институтининг Structural Cell Biology (SZB) - Ҳужайра структураси биологияси лабораториясида Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти олимлари илмий стажировка ўтамоқда.
Жумладан, профессор А.Г. Шеримбетов, катта илмий ходим Д.Р. Рузметов ва кичик илмий ходим Ж. Бойқабилов ўсимлик ҳужайралари ва тўқималарининг тузилишини замонавий микроскопик усуллар асосида ўрганиш, ҳужайраларнинг ультраструктуравий хусусиятларини таҳлил қилиш ҳамда ўсимликларнинг ривожланиш жараёнларини чуқур тадқиқ этиш бўйича амалий тажриба орттирмоқда.


Илмий стажировка доирасида ўсимлик ҳужайралари ва тўқималарининг анатомик ҳамда ультраструктуравий тузилишини ўрганиш, ёруғлик ва электрон микроскопия усулларидан фойдаланиш, бошоқ ривожланишининг турли босқичларини тадқиқ этиш, ўсимликларнинг томирлар тизими ва унинг структур хусусиятларини ўрганиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, C3 ва C4 фотосинтез жараёнлари, ўсимликларнинг қурғоқчилик каби абиотик стресс омилларига жавоб реакциялари ҳам ўрганилмоқда. Патогенлар таъсирида ўсимликларда юзага келадиган биотик стресс реакцияларини тадқиқ қилиш, гистологик ва микроскопик таҳлил ҳамда замонавий 3D-моделлаштириш усулларини ўзлаштириш ҳам стажировканинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.


Стажировка давомида ўзбекистонлик олимлар замонавий лаборатория тадқиқотларида бевосита иштирок этиб, халқаро илмий тажриба билан яқиндан танишмоқда. Шу билан бирга, ўз тадқиқотлари учун янги билим ва амалий кўникмаларни эгалламоқда.
Стажировка жараёнида ўзлаштирилаётган замонавий тадқиқот усуллари ва амалий кўникмалар келгусида ўсимликларнинг ҳужайравий ва тўқима даражасидаги хусусиятларини янада чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотларни янги методлар асосида ривожлантириш ва олинган натижаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.


Халқаро илмий марказларда ташкил этилаётган бундай стажировкалар маҳаллий олимларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, илғор тадқиқот усулларини миллий илмий-тадқиқот амалиётига жорий этиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


ЎзА