35 йил – 35 факт: Ўзбекистонда божхона тизими қандай ўзгарди?
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон божхона хизмати ҳам давлатчилик билан бирга шаклланиб, босқичма-босқич янгича ёндашув асосида такомиллашди. 1991 йил миллий божхона тизимининг институционал пойдевори яратилган бўлса, кейинги йилларда ҳуқуқий асос мустаҳкамланди, халқаро ҳамкорлик кенгайди, назорат механизми янгиланди.
Айниқса, 2017 йилдан кейин божхона тизимида рақамлаштириш, хавф даражасига қараб назорат қилиш, электрон декларациялаш ва автоматик расмийлаштириш изчил жорий этилди. Натижада тизим анъанавий назорат усулидан қочиб, тадбиркорлар учун тартиб-таомилни соддалаштириш ва қонуний ташқи савдони енгиллаштиришга йўналтирилган замонавий услуб сари интилди.
“35 йил – 35 факт” рукнида мамлакатимиз божхона хизматида юз берган муҳим ўзгаришларни йиллар кесимида санаб ўтамиз.
1991-2016 ЙИЛЛАР: МИЛЛИЙ БОЖХОНА ТИЗИМИ ШАКЛЛАНИШИ
1991
Президентнинг 25 октябрдаги фармони билан Божхона қўмитаси ташкил этилди. Шу тариқа божхона сиёсатини юритиш ва мамлакат иқтисодий манфаатини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос яратилди.
1992
28 июлда Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотига аъзо бўлди. Бу миллий божхона тизимини халқаро стандарт асосида ривожлантириш ва хорижий божхона маъмуриятлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кенгайтирди.
Вазирлар Маҳкамасининг 12 августдаги қарори билан Қўмитанинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва божхона постларининг ташкилий тузилмаси белгиланди.
1997
Президентнинг 8 июлдаги фармони билан Давлат божхона қўмитаси мустақил марказий давлат бошқаруви органи сифатида қайта ташкил этилди.
29 августда “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, божхона идораларининг вазифаси, ҳуқуқи ва ваколати мустаҳкамланди.
Шу куни “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, ташқи савдони тариф воситалари орқали тартибга солишнинг ягона ҳуқуқий механизми белгиланди.
26 декабрда биринчи Божхона кодекси қабул қилиниб, божхона режими, назорат, расмийлаштириш ва тўловга оид меъёрлар ягона ҳужжатга жамланди. Кодекс 1998 йил 1 мартдан амалга киритилди.
2003
Вазирлар Маҳкамасининг 22 майдаги қарори билан Олий ҳарбий божхона институти фаолияти ташкил этилди. Институтда ўқув машғулотлари 2003 йил 1 сентябрдан бошланиб, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг ихтисослашган тизими шаклланди.
2011
Президентнинг 10 августдаги қарори билан божхона хизмати самарадорлигини ошириш ва техник жиҳатдан модернизация қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланди.
2016
20 январда қабул қилинган янги Божхона кодекси 22 апрелдан амалга кириб, назорат, режим, тўлов ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқи ҳамда мажбуриятини замонавий асосда тартибга солинди.
2017-2026 ЙИЛЛАР: РАҚАМЛИ ВА ХАВФГА АСОСЛАНГАН БОЖХОНА САРИ
2017
1 январдан экспорт контрактини божхона органида алоҳида ҳисобга қўйиш талаби бекор қилиниб, ташқи савдо шартномаларини электрон мониторинг қилиш тизимига ўтилди. Бу экспортчилар учун ортиқча маъмурий жараённи қисқартирди.
Вазирлар Маҳкамасининг 11 октябрдаги қарори билан икки йўлакли тизимнинг ҳуқуқий асоси белгиланди. Натижада йўловчиларни хавф даражасига қараб дифференциал назорат қилиш имконияти кенгайди.
2018
Президентнинг 12 апрелдаги фармони билан юкни бир хил текширишдан хавф даражасига асосланган танлаб назорат моделига ўтиш белгиланди.
Президентнинг шу куни тасдиқланган қарори билан божхона органларининг янги тузилмаси тасдиқланиб, 2018-2021 йилларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича “йўл харитаси” белгиланди.
Президентнинг 29 июндаги қарори билан асоссиз индивидуал имтиёзни қисқартириш, рақобатни кучайтириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган ёндашув белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 31 июлдаги қарори электрон декларациялаш механизмини такомиллаштирди. Декларация ва рухсат ҳужжатини ахборот тизими орқали қайта ишлаш имконияти кенгайди.
18 октябрдаги Қонун билан божхона органларининг вазифаси, ваколати ва хизматни ташкил этиш механизми янги шароитга мослаштирилди.
Президентнинг 2 ноябрдаги қарори асосида бакалавриат, магистратура, қайта тайёрлаш ва малака оширишни қамраб олган замонавий кадрлар тайёрлаш тизими шакллантирилди.
Президентнинг 24 ноябрдаги фармони асосида хавфни бошқариш тизими ривожлантирилди. 2019 йил 1 мартдан “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган тизими божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли жалб қилиниб, назорат “яшил”, “сариқ”, “қизил” ва “кўк” йўлаклар бўйича таснифланди.
2019

29 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш тартиби белгиланди. Натижада қонунчилик талабига барқарор риоя қилувчи ташқи савдо иштирокчилари учун махсус соддалаштиришдан фойдаланиш имкони яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 18 ноябрдаги қарори божхона, чегара, санитария, фитосанитария ва ветеринария назоратини мувофиқлаштиришнинг ҳуқуқий асосини белгилади.
2020
Президентнинг 5 июндаги фармони рақамлаштириш, хавфни бошқариш, божхона аудити ва халқаро стандартни жорий этишни ягона стратегик дастурга бирлаштирди.
21 декабрдаги Қонун билан Ўзбекистоннинг Янгиланган Киото конвенциясига қўшилиши маъқулланди. Ҳужжат 2021 йил 16 февралда Жаҳон божхона ташкилотига топширилди ва Конвенция Ўзбекистон учун шу йил 16 майдан кучга кирди.
2021
Президентнинг 2020 йил 5 июндаги фармонида белгиланган вазифалар асосида 1 январдан хавф даражаси паст (“яшил йўлак”) божхона юк декларациясини инсон омилисиз автоматик чиқариб юбориш тизими босқичма-босқич жорий этила бошланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 25 февралдаги қарори билан камерал ва сайёр божхона аудити тартиби белгиланди. Назоратнинг бир қисми товар чиқариб юборилганидан кейинги босқичга кўчирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 8 июлдаги қарори асосида халқаро юк ташувида транспорт воситаси ҳаракатини электрон пломба орқали кузатиш механизми йўлга қўйилди.
Президентнинг 10 сентябрдаги фармони билан масофавий электрон декларациялаш постларини ташкил этиш белгиланди. 1 октябрдан дастлаб Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ишга туширилиб, декларацияни товар жойлашган ҳудуддан қатъи назар, масофадан кўриб чиқиш имкони яратилди.
2022
1 февралдаги Қонун билан Кодексга кенг кўламли ўзгариш киритилиб, божхона тартиб-таомили замонавий амалиётга мослаштирилди.
Президентнинг 25 апрелдаги фармони билан режимдан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди. Бу хорижий хом ашёни қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулот экспорт қилиш учун қўшимча шароит яратди.
Президентнинг 27 апрелдаги фармони ахборот тизимини интеграция қилиш, автоматлаштиришни кенгайтириш ва инсон омилини қисқартириш бўйича янги вазифаларни белгилади.
2023

Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги фармони билан маъмурий ислоҳотлар доирасида Давлат божхона қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди. Мазкур институционал модель 2023 йил амалиётга жорий қилинди.
2024
27 февралдаги Қонун билан, жумладан, божхона қийматини аниқлаш ҳамда айрим божхона режимларига оид меъёрлар такомиллаштирилди.
2025
Президентнинг 25 мартдаги фармони ва тегишли қарори билан божхона идоралари тузилмаси, вазифаси, назорат механизми ва рақамлаштириш йўналишлари қайта кўриб чиқилди.
Президентнинг 17 декабрдаги фармони божхона расмийлаштирувини автоматлаштириш, хавфга асосланган назоратни кенгайтириш ва йирик ҳажмдаги маълумотни таҳлил қилишни кейинги босқичга олиб чиқди.
2026
Президентнинг 2025 йил 17 декабрдаги фармони асосида 2026 йил ташқи савдо тартиботини соддалаштириш бўйича янги механизм кучга кирди. Жумладан, 2026 йил 1 майдан ташқи савдога оид нотариф тақиқ ва чекловни камида уч ой олдин “Ягона дарча” тизимида эълон қилиш механизми жорий этилди, Жорий йил 1 июндан эса тадбиркорларга божни 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилди.

Хулоса қилиб айтганда, ўтган 35 йилда Ўзбекистон божхона тизими миллий институтни шакллантириш босқичидан рақамли, автоматлаштирилган ва хавфга асосланган бошқарув усулига ўтди. Бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни – қонуний савдони тезлаштириш, ортиқча назоратни камайтириш, инсон омилини чеклаш ва божхона ресурсларини юқори хавфли амалиётга йўналтиришдан иборат.
Замонавий божхона хизмати давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, ташқи савдони енгиллаштириш ва мамлакатнинг халқаро савдо тизимига интеграциясини қўллаб-қувватловчи муҳим институт сифатида ривожланмоқда.
Мақола Божхона қўмитаси ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Мусулмон Зиё, ЎзА