Германия россиялик хакерлар ҳужумидан огоҳлантирди
Германия махсус хизмати Россияга алоқадор хакерлар гуруҳи томонидан турли мамлакатлардаги минглаб роутерлар бузилганини маълум қилди.
DW нашри ёзишича, APT28 ва “Fancy Bear” номлари билан танилган гуруҳ давлат идоралари, муҳим инфратузилма манзилларига тегишли тармоқ қурилмаларини нишонга олган. Жамоанинг асосий мақсади ҳукумат тизими, мудофаа, ахборот каби муҳим соҳаларга тегишли махфий маълумотларни эгаллашдан иборат.
ГФР Конституциясини ҳимоя қилиш федерал идораси, мамлакат Ташқи разведка хизмати ҳамда АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳамкорлигида олиб борилган суриштирув хулосасига кўра, ҳужум давомида асосан “TP-Link” роутерлари нишонга олинган.
Айни пайт Украина хавфсизлик хизмати ҳам шунга ўхшаш кибер ҳужум ҳақида хабар берган. Маълум қилинишича, хакерлар роутер орқали интернет трафикни ўз серверига йўналтириб, фойдаланувчилар пароли ва ёзишмаларини қўлга киритишга уринган.
Д.Ҳакимов, ЎзА