Германия ишбилармонлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқмоқда
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбекистон-Германия иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир Германия Савдо-саноат палатаси (DIHK) Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси йиғилиши арафасида ташкил этилди. Унда Германия ишбилармон доиралари, Савдо-саноат палатаси аъзолари, экспертлар ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар билан боғлиқ ташкилот ва компаниялар вакиллари қатнашди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов тадбирни очар экан, икки мамлакат муносабатларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бирига айланиб бораётганини айтиб ўтди.
Элчи қайд этганидек, Германия томонининг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, хусусий сектор учун яратилган имкониятлар ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар билан танишиши муҳим. Шунингдек, немис компанияларининг технология, машинасозлик, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли ечимлар соҳасидаги тажрибаси янги қўшма лойиҳалар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Мулоқот панель муҳокамаси билан давом этди. Унда Германия компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини кучайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
“DIHK” Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси раиси Петер Колитц Ўзбекистон иқтисодиётида сўнгги йилларда кузатилаётган юқори ўсиш суръатлари Германия бизнесининг эътиборини тортаётганини таъкидлади.
– Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг бир неча йилдан бери 6 фоиздан юқори суръатларда ўсиб келаётгани мамлакатдаги иқтисодий фаоллик юқори эканини кўрсатади.
Биз Ўзбекистонда ишлаётган немис компаниялари билан мунтазам мулоқот қиляпмиз. Мамлакатдаги иқтисодий жараёнларни жойида ўрганиш, маҳаллий ҳамкорлар билан учрашиш ва янги имкониятларни баҳолаш Германия бизнеси учун муҳим.
Ҳозирги шароитда немис компаниялари янги бозорларга чиқиш ва бизнес йўналишларини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон шу нуқтаи назардан Европа компаниялари учун қизиқарли ҳамкорлардан бири бўлиб бормоқда. Бугунги учрашув ҳам мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим имкониятдир, – деди Петер Колитц.
“DIHK” бош ижроия раҳбарияти аъзоси ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича раҳбари Фолькер Трайер эса Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти билан бир қаторда, унинг минтақавий транспорт ва логистика жараёнларидаги ўрнига эътибор қаратди.
– “DIHK” Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси қарийб 100 нафар аъзони, жумладан, Германиянинг оилавий корхоналари, ўрта бизнес ва Савдо-саноат палаталари вакилларини бирлаштиради.
Ўзбекистонда ёш ва катта истеъмол бозори, малакали кадрлар, табиий ресурслар ва қулай географик жойлашув мавжуд. Бу омиллар Германия компаниялари учун ишлаб чиқариш ва инвестиция соҳаларида янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистоннинг “Ўрта йўлак”даги ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У Осиё ва Европа ўртасидаги савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантиришда муҳим йўналиш бўлиши мумкин. Каспий денгизи орқали мультимодал ташувлар, инфратузилма, рақамлаштириш ва энергетика соҳаларида ҳам янги лойиҳалар учун имкониятлар бор.
Германия компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш орқали ушбу жараёнларда иштирок этиши мумкин. Бу нафақат икки мамлакат ўртасидаги савдони, балки ишлаб чиқариш кооперациясини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар кенг. Германия компанияларининг бу бозордаги иштирокини янада ошириш учун етарлича асослар мавжуд, – деди Фолькер Трайер.
Элчихона масъулларига кўра, Берлиндаги учрашув икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш ва янги амалий лойиҳаларни илгари суришга кенг йўл очди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА