Устозга эҳтиром: илм, ихлос ва ибрат йўли
Ўқитувчилик — шунчаки касб эмас. Бу инсон қалбига илм, тарбия ва эзгулик уруғини қадаш, шогирд тақдирида ўзидан из қолдириш масъулиятидир. Чин устоз ўз билимини бериш билангина чекланмайди — шогирдига ҳаёт йўлини кўрсатади, унинг дунёқарашини шакллантиради, эзгулик ва камолот сари етаклайди.
Устознинг масъулияти ва мамнунияти нималарда экани ҳақида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фольклоршунослик ва шевашунослик кафедраси доценти Абдумурод Тиловов билан суҳбатлашдик.
—Бугун сиз кўплаб талабаларнинг севимли устозисиз. Бундай эътибор ва ҳурмат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Сизнинг ўқитувчилик касбини танлашингизга кимлар сабабчи бўлган?
— Саъдий Шерозий ҳазратлари «Гулистон» асарида бир гўзал ҳикоят келтирадилар. Бир киши ҳаммомда оддий лой парчасини кўриб, унинг хушбўйлигига ҳайрон бўлади. Шунда лой парчаси тилга кириб: «Мен оддий бир лой эдим, аммо маълум муддат атиргул билан ёнма-ён бўлдим», дейди. Яъни ундаги хушбўйлик ўзидан эмас, атиргулдан ўтган.
Устоз-шогирд муносабатини мен шу ҳикоятга қиёслайман. Агар бугун мени сиз айтганингиздек, устоз мақомида кўраётган бўлсангиз, бунинг сабаби, аввало, менинг устозларимдир.
Мактабда адабиёт фанидан дарс берган Сафар Умрзоқов устозимиз, олий таълим даргоҳида эса филология фанлари номзоди, доцент Омонулла Мадаев устозимиз менга устозлик йўлини кўрсатган инсонлардир. Мен улардан илм билан бирга тарбия, одоб, ҳаёт сабоғини ҳам олдим.
— Илк бор дарс берган йилларингизни эслайсизми? Ўша пайтда ўзингизни устоз сифатида қандай тасаввур қилар эдингиз?
— Бу савол мени яна устозларим хотирасига қайтарди. Чунки биз дарс беришдан аввал ўша устозларнинг дарсларини тинглаб, улардан ўрганганмиз.
Сафар Умрзоқов устозимиз билан боғлиқ бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир куни дарсда Берта Давидова ижросидаги «Муножот»ни қўйиб: «Сизлар эшитиб туринглар», деб ўзлари чиқиб кетдилар.
Ёшмиз, ўқувчимиз. Бир пайт ёнимдаги ўртоғим билан гаплашиб, чалғиб қолдим. Худди шу пайтда устоз кириб келдилар. Менга қараб: «Мен сендан умидим катта-ку! Сен адабиётдек гўзал соҳани танлагансан. Адабиётни танлаган инсон ҳеч қачон ғафлатда бўлмаслиги керак. Вақтнинг қадрига етиши керак. Ҳатто тошнинг ёнидан ҳам бефарқ ўтишга ҳаққи йўқ», дедилар.
Устознинг бу гаплари ўша пайтда менга оддий танбеҳдек туюлгандир. Аммо кейинчалик унинг асл маъносини англадим. Бу гаплар менга бир умрга ҳаёт дарси бўлиб қолди.
Адабиёт — фақат китоб ўқиш эмас. Унда дард, туйғу, инсон қалби бор. Шунинг учун адабиёт билан шуғулланган инсон ҳаётга бефарқ бўлмаслиги керак.
— Сизнингча, чин устоз қандай бўлиши керак?
— Устозлик улуғ мақом. Биз устоз деганда ўзимизга сабоқ берган буюк инсонларни тасаввур қилиб улғайганмиз. Ҳануз ана шундай устоз бўлиш орзусида ҳаракат қиляпмиз. Омонулла Мадаев устозимдан жуда кўп ибрат олганман. Устознинг дарсларига қайта-қайта кириш бахти менга насиб қилган.
Бир куни «Нутқ маданияти» дарсида Фурқатнинг:
«Нуқта лаб устида беҷодур дедим, айди кулиб:
Саҳл қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда», деган мисраларини шарҳлаб бердилар.
Ўша дарсларда мен устозликнинг яна бир муҳим жиҳатини англаганман: билимни шунчаки етказиш эмас, уни ўқувчи қалбига олиб кириш керак.
Ҳазрат Алишер Навоий «Лайли ва Мажнун» достонининг охирида: «Сомиъ неча бўлса дардпарвар, афсонада ҳам керакдурур дард», дейдилар. Яъни, тингловчи олдида бирор нарсани айтаётган инсон уни дард, ихлос ва муҳаббат билан айтиши керак.
Менимча, устозликнинг энг муҳим мезонларидан бири ҳам шу — илм, амал ва ихлоснинг бирлиги.
— Устозликнинг масъулияти ҳақида кўп гапирилади. Сиз бу масъулиятни қандай тушунасиз?
— Яқинда ижтимоий тармоқда бир маърифатли инсоннинг касб танлаш ҳақида айтган фикрларига дуч келдим. Ундаги тўрт мезон менга жуда таъсир қилди.
Биринчидан, инсон шундай касб танлаши керакки, шу касб орқали элга, юртга ва инсонларга кўпроқ наф келтирсин. Иккинчидан, ўша касб билан куннинг исталган пайтида эринмасдан, малолланмасдан шуғулланишга тайёр бўлиши керак. Учинчидан, касбга шундай меҳр қўйиш керакки, зарурат туғилса, ҳатто маошсиз ишлашга ҳам кўнгли рози бўлсин. Тўртинчидан эса, ҳаётининг сўнгги лаҳзасигача ўша касбидан рози бўлиб яшай олсин.
Устозлик ҳам ана шундай машаққатли ва масъулиятли касблардан биридир. Чунки устознинг қўлида фақат бир дарс эмас, инсон тақдири туради.
— Сиз устозларингиздан олган сабоқлардан бирини ҳаётий мисол билан эслай оласизми?
— Омонулла Мадаев устозимнинг камтарлиги мен учун алоҳида мактаб бўлган. Бир куни Навоийхонлик тадбирига бирга кетаётган эдик. Мен устозга тақлид қилиб: «Устоз, мен ҳам бу йил Ҳазрат Навоийдан янги бир нарса ўргандим», дедим.
У киши: «Нима ўргандингиз?» деб сўрадилар.
Мен Ҳазрат Навоийнинг: «Кимсага гар ғам етар, ғамхори бўлса, ғам эмас,
Ул эрур ғамким, етиб ғам, топмағай ғамхорлиғ», деган байтини айтдим.
Устоз машинани тўхтатишни сўрадилар. Орқа ўриндиқдаги сумкаларидан қоғоз-қалам олиб, байтни айтиб беришимни сўрадилар ва ўзлари ёзиб олдилар.
Мана шу ҳолат мен учун катта сабоқ бўлган. Шогирдидан ҳам ниманидир ўрганишга тайёр бўлган инсоннинг буюклиги, аввало, унинг камтарлигида кўринади.
— Устозингиз Омонулла Мадаевнинг шогирдлик ҳаётингиздаги ўрни ҳақида яна нималарни айта оласиз?
— Устознинг фазилатларини санаб адоғига етиш қийин. Мен оддий бир қишлоқ фарзандиман. Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири — никоҳ тўйим. Устозни ҳурмат юзасидан тўйга таклиф қилган эдим. Ростини айтсам, келишларига кўзим етмасди.
Аммо тўй куни устоз яна бир ҳамроҳлари билан Навоийдаги Деҳибаланд қишлоғимизга кириб келдилар. Тўйда қилган нутқлари, берган табриклари ҳамон қишлоқдошлар орасида эслаб юрилади. Бу воқеа мен учун устознинг шогирдига бўлган эътиборини, меҳрини кўрсатадиган унутилмас хотира бўлиб қолган.
— Сизнинг маънавий оламингизда Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни ҳам алоҳида. Бу борада кимдан сабоқ олгансиз?
— Устоз ва мураббийлар байрами муносабати билан қўқонлик устозим Иброҳимжон Саъдуллаевни ҳам алоҳида тилга олмоқчиман. Асл касблари шофёрлик бўлиб, ўттиз беш йилдан ортиқ халқ хизматида бўлган бу инсон менга Ҳазрат Навоийни қандай ўқиш, қандай севиш ва қандай тушунишни ўргатдилар.
Қайсидир маънода, устозлик фаолиятимда ҳам Иброҳимжон устоздан жуда кўп нарсаларни ўргандим. У киши билан биргаликда Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари, ҳикматлари ва шоҳ байтларини замонавий тилда тушунтириш, табдил қилиш борасида ҳамкорлик қилдик. Бу жараён бизга кўплаб ҳурмат-эҳтиромлар олиб келди.
Кўриб турганингиздек, устозини ардоқлаган шогирднинг ўзи ҳам азиз бўлади. Зеро, устознинг қолдирган энг катта мероси — унинг шогирдлари. Устоздан устозга, авлоддан авлодга ўтадиган илм, тарбия ва маънавият эса жамият тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворидир.
ЎзА мухбири
Шербек Исломов
суҳбатлашди.