Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари билан учрашув ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари билан учрашди.
Унда Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўрнатилган яқин шериклик муносабатлари ва шу асосда Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги қайд этилди. Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва шу каби муҳим йўналишларга тўхталди.

Шу билан бирга, Германия давлати иштирокидаги лойиҳалар асосида иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш, экология, тиббиёт, профессионал таълим йўналишида Қорақалпоғистонда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидланиб, ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири