BRICS: Глобал тараққиёт ва барқарорлик йўлида ҳамкорлик
Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳли шаҳрида 18-BRICS саммити иш бошлади. 12–13 сентябрь кунлари ўтказилаётган мазкур юқори даражадаги мулоқот дунё иқтисодиёти ва сиёсатининг муҳим марказларидан бирига айланган BRICS’нинг келгуси фаолияти учун устувор йўналишларни белгилаб бериши кутилмоқда.
Саммит Ҳиндистон раислигида “Bharat Mandapam” мажмуасида ўтказилмоқда. Нуфузли тадбир «Барқарорлик, инновациялар, ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш учун бунёдкорлик» мавзусига бағишланди. Расмий маълумотларга кўра, бу мамлакатнинг BRICS’га тўртинчи раислиги ҳисобланади. Бугунги кунда ташкилот 11 давлатни бирлаштириб, улар жаҳон аҳолисининг 49,5 фоизи, глобал ЯИМнинг 40 фоизи ва жаҳон савдосининг 26 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткичлар BRICS’нинг жаҳон иқтисодиётидаги салмоғи ошиб бораётганини кўрсатади.
Хўш, BRICS қандай тузилма ўзи?
Сўнгги йилларда халқаро сиёсий тизимда туб ўзгаришлар кузатилмоқда. Геосиёсий рақобат кучайиши, санкция сиёсати, минтақавий можаролар ва глобал инқироз натижасида дунё янги – кўп қутбли ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Айни шароитда, жумладан, BRICS формати халқаро муносабатларда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

BRICS (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) дастлаб иқтисодий ўсишга эга давлатлар мулоқот майдони сифатида шаклланган бўлса, бугун глобал бошқарув, халқаро адолат ва иқтисодий мувозанат масалаларида ҳам ўзига хос қарашга эга тузилмага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан Ҳиндистонда ўтказилаётган BRICS саммити ушбу форматнинг келгуси йўналишларини белгилаб берувчи муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Кўп қутбли дунё концепцияси халқаро муносабатларда ягона етакчи марказ мавжуд эмаслиги, қарорлар бир неча сиёсий-иқтисодий куч ўртасидаги мувозанат асосида қабул қилинишига таянади. BRICS айнан шу ғояни илгари сураётган майдонлардан бири сифатида кўрилади. Тузилма аъзолари дунё аҳолисининг катта қисми, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг салмоқли улуши ва беҳисоб стратегик табиий ресурсларни бирлаштирган.

BRICS давлатлари томонидан тез-тез таъкидланаётган асосий жиҳат – халқаро институтлар, жумладан БМТ, ХВЖ ва Жаҳон банки фаолиятини ислоҳ қилиш зарурати. Таъкидланишича, ҳозирги геосиёсий воқеликни тўлиқ акс эттира олмаётган мазкур тузилмалар ривожланаётган мамлакатлар манфаатини етарлича ҳисобга олмаяпти. Шу боис BRICS кўп қутбли дунёда адолатли бошқарув механизмини шакллантириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда.
Ҳиндистон 2026 йилда BRICS’га раислик қилмоқда. Мамлакат раислиги даврида ташкилот фаолиятида барқарорлик, инновациялар, ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Расмий маълумотларда ҳам инсон манфаатларига йўналтирилган ёндашув асосий тамойиллардан бири сифатида қайд этилган.
Бугунги кунда BRICS нафақат иқтисодий ҳамкорлик майдони, балки глобал бошқарув тизимида ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини илгари суришга қаратилган муҳим мулоқот платформаси сифатида намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, Янги Деҳлидаги саммит халқаро муносабатлардаги чуқур ўзгаришлар фонида алоҳида аҳамият касб этади.
BRICS’нинг кенгайиши натижасида ташкилотнинг географик қамрови ва иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада ортди. Бу эса платформа доирасида турли минтақалар манфаатларини уйғунлаштириш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва кўп қутбли халқаро тизим шаклланишига доир ёндашувларни муҳокама қилиш имконини кенгайтиради.
Айни пайтда BRICS мамлакатлари ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий манфаатлар бир-биридан фарқ қилиши ҳам табиий. Шу боис саммитнинг асосий вазифаларидан бири — умумий манфаатлар атрофида амалий ҳамкорликни кучайтириш ва мавжуд тафовутларга қарамай, конструктив мулоқотни таъминлашдан иборат.
Нарендра Моди: BRICS ҳамкорлигини глобал ислоҳотлар билан уйғунлаштириш зарур
Саммитни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кириш сўзи билан очиб берди. BRICS доирасидаги ҳамжиҳатлик ва келишувларни глобал миқёсда аниқ натижаларга айлантириш вақти келганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ташкилот раислиги ҳар йили алмашса-да, бу институционал ишларнинг узлуксизлигига таъсир қилмаслиги керак. Шу муносабат билан Ҳиндистон бош вазири BRICS’нинг барқарорлик ва амалга ошириш механизмларини кучайтириш, ташаббуслар ва қабул қилинган қарорларни тизимли равишда кузатиб бориш мақсадида махсус механизм ташкил этиш таклифини билдирди. Унинг сўзларига кўра, келгуси йигирма йил учун янги ва кенг қамровли кун тартибини шакллантириш зарур.

Ҳиндистон Бош вазири глобал бошқарув тизимини ислоҳ қилиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишни кечиктириб бўлмаслигини қайд этди. “Глобал Жануб” мамлакатлари бугунги глобал инқирозларнинг энг олд қаторида тургани ҳолда, қарорлар қабул қилиш жараёнида етарлича иштирок эта олмаётганини таъкидлади. Шунингдек, у сунъий интеллект, кибермакон, космос, биотехнология ва илғор технологиялар соҳаларида келажакдаги халқаро қоидаларни шакллантиришда “Глобал Жануб” давлатларининг фаол иштирокини таъминлаш зарурлигини билдирди.
Саммит доирасидаги энг муҳим масалалардан бири - жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва ривожланаётган мамлакатларнинг глобал иқтисодий бошқарувдаги ролини кучайтириш. Хусусан, халқаро молия тизимини такомиллаштириш, савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, миллий валюталардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, трансчегаравий тўлов механизмларини ривожлантириш каби йўналишлар BRICS мамлакатлари учун долзарб аҳамиятга эга.
Шунингдек, янги технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда технологик тараққиёт натижаларидан ривожланаётган давлатлар ҳам кенг фойдаланиши учун шароит яратиш масалалари ҳам диққат марказида бўлади.
Саммит эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА
Янги Деҳли, Ҳиндистон