Ғазода бир кунда қурбонлар сони 12 нафарга етди
Ғазода душанба куни содир бўлган ҳужумлар 12 кишининг ҳаётига зомин бўлди, деб хабар бермоқда "Reuters" нашри.
Таъкидланишича, энг оғир ҳолат марказий ҳудуддаги Мағозий қочқинлар лагерида қайд этилган. Бу ердаги кўчирилган аҳоли жойлашган мактаб яқинига Исроил томонидан иккита ракета зарбаси берилган.
Гувоҳлар ва тиббиёт ходимлари маълум қилишича, ҳужумдан олдин маҳаллий аҳоли ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётган қуролли гуруҳ ўртасида тўқнашув юз берган. Унга кўра, ушбу гуруҳ мактаб ичига кириб, одамларни ўғирлашга уринган, аҳоли эса ўзини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган.
Кейинчалик, мазкур қуролли гуруҳ вакилларидан бири беш нафар ҲАМАС аъзоси ўлдирилганини маълум қилди. ҲАМАС бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмаган.
Шу куни бошқа ҳудудларда ҳам рўй берган ҳаво ҳужумлари ортидан мототранспортда кетаётган бир киши ҳалок бўлди, бир бола жароҳат олди. Марказий ҳудудда эса автомобилга ўқ узилиши натижасида яна бир киши вафот этди. Шу тариқа, Ғазо секторида бир кун ичида қурбонлар сони 12 нафарга етган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА