Газлида кенгайтирилган тиббий кўрик ташкил этилди
Инсон саломатлигига эътибор — жамият тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири. Чунки соғлом инсон бор жойда оила фаровонлиги, меҳнат унумдорлиги, хотиржам ҳаёт ва эртанги кунга ишонч бор.
Бугун мамлакатимизда тиббиёт тизимини аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни илк босқичларда аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам — сифатли тиббий хизматни инсонга яқинлаштириш, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун малакали тиббий ёрдам имкониятларини кенгайтиришдир. Бу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси сифатида Бухоро шаҳридан 100 км узоқликда жойлашган Ромитан туманининг Газли шаҳрида кенгайтирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Мухсин Ражабов раҳбарлигида вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг малакали ва тажрибали шифокорларидан иборат катта жамоа Газли аҳолиси саломатлигини чуқур ўрганишга киришди. Бу оддий тиббий кўрик эмас. Бу — шифокорнинг беморни кутиб ўтирмасдан, унинг ҳузурига бориши, касалликни асоратлари билан эмас, илк белгилари билан аниқлашга интилиши, тиббий ёрдамни инсон яшайдиган манзилга яқинлаштириш демакдир.


Кўрикнинг асосий мақсади — аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ўрганиш, турли касалликларни эрта аниқлаш, профилактик чораларни белгилаш ва зарур тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш.
Газлиликлар терапевт, педиатр, кардиолог, невролог, офтальмолог, оториноларинголог, инфекционист, эндокринолог, гинеколог, уролог, жарроҳ, травматолог-ортопед, пульмонолог, нефролог, онколог, дерматолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтди.
Тасаввур қилинг: бир ҳудудда яшовчи аҳоли учун бир вақтнинг ўзида ўнлаб йўналишдаги малакали шифокорлар хизмат кўрсатмоқда. Бу аввало, вақтни тежайди, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади ва энг муҳими, инсонга ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслик имконини беради. Зеро, кўплаб касалликлар ўзини дастлаб сезиларли белгилар билан намоён қилмаслиги мумкин. Шу боис профилактик кўрик — касалликни даволашдан олдин унинг олдини олиш, саломатликдаги муаммони эрта пайқаш учун муҳим қадамдир.
Кўрикнинг яна бир муҳим жиҳати — тиббий хизматлар фақат Марказий поликлиника билан чекланиб қолаётгани йўқ. Шифокорлар аҳоли хонадонларига ҳам чиқмоқда. Айниқса, ёши улуғ, ҳаракатланиши чекланган ёки саломатлиги туфайли тиббий муассасага мустақил равишда бориш имконияти бўлмаган фуқаролар уйида кўрикдан ўтказилмоқда.Бу — тиббиётда инсонпарварлик тамойилининг амалий кўриниши. Зеро, беморнинг шифокор олдига келишини кутишдан кўра, шифокорнинг эҳтиёжманд инсон ҳузурига бориши баъзан энг муҳим тиббий ёрдамнинг ўзи бўлиши мумкин.


Кўрикнинг самарадорлигини ошириш мақсадида жойнинг ўзида УЗИ, ЭКГ, лаборатория ва бошқа зарур тиббий-диагностик текширувлар ҳам амалга оширилмоқда. Яъни фуқаро бир текширув учун бир жойга, натижасини олиш учун бошқа жойга, мутахассис қабули учун яна бошқа манзилга бориб юришига ҳожат қолмайди.
Кўрик жараёнида саломатлигида муайян муаммо аниқланган фуқароларга зарур тавсиялар берилиб, улар тегишли мутахассислар назоратига олинмоқда. Зарур ҳолларда эса беморларни Бухоро вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббий муассасаларга йўллаш, қўшимча текширувлар ўтказиш ва даволаш чораларини белгилаш бўйича аниқ тиббий маршрутлар шакллантирилмоқда. Бу эса тиббий кўрикни шунчаки текширув эмас, балки аниқлаш — баҳолаш — йўллаш — даволаш — назорат қилиш тамойилига асосланган яхлит жараёнга айлантиради.
Бугун юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу мақсадга — инсон саломатлигини асраш, сифатли ва малакали тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган. 2026 йилда ҳам тиббий хизматлар сифати, самарадорлиги ва аҳоли учун қулайлигини оширишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланган.


Газли шаҳридаги кенгайтирилган тиббий кўрик ана шу ислоҳотларнинг жойлардаги амалий кўринишларидан биридир. Бунда гап фақат бугун бир неча юз ёки минглаб инсоннинг кўрикдан ўтиши ҳақида эмас. Гап — эрта аниқланган бир касаллик, ўз вақтида берилган бир маслаҳат, ўз вақтида бошланган бир даволаш жараёни ортида инсон ҳаёти, оила тақдири ва яқинлар қалбидаги хотиржамлик турганида.
Шифокор учун бир қабул — оддий иш кунининг бир қисми бўлиши мумкин. Аммо бемор учун ўша қабул бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши эҳтимол. Шу маънода, Газлидаги бугунги тиббий кўрик — инсон ҳаётига, унинг саломатлиги ва келажагига бўлган эътиборнинг юксак ифодасидир. Зеро, соғлом миллат, фаровон оила ва обод жамиятнинг энг мустаҳкам пойдевори соғлом инсондир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири