Газ таъминотида янги ёндашувлар қилинмоқда
Зангиота туманида газ таъминоти тизимини модернизация қилиш ва маҳаллалар кесимида назорат балансини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммалаштириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташаббуси билан тадбирда ҳудудий мутахассислар иштирок этди. Унда “Паркент тажрибаси” бўйича “Ўратепа” МФЙнинг Токзор кўчасида амалга оширилган намунавий ишлар амалий тарзда намойиш этилди. Хусусан, маҳалладаги тартибсиз ва эскирган газ тармоқлари қайта тартибга келтирилиб, ягона тизимга бирлаштирилган. Истеъмолчиларнинг газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилиб, маънан ва техник жиҳатдан эскирган газ тақсимлаш пунктлари ўрнига замонавий газ тақсимлаш пунктлари ўрнатилган. Шунингдек, газ ҳисоблаш ускуналари хонадонлар ташқарисига чиқарилиб, уларни назорат қилиш ва техник хизмат кўрсатиш имкониятлари яхшиланди.

Семинар иштирокчиларига маҳалла назорат балансини шакллантириш, газ йўқотишларининг олдини олиш, истеъмол ҳажмларини аниқ мониторинг қилиш ҳамда тизим самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Бундай ёндашув газ таъминоти тизимининг шаффофлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Якунда мутахассисларга ўз ҳудудларида ҳам ушбу тажрибани кенг жорий этиш, маҳаллалар кесимида назорат балансларини шакллантириш ва тизимни янада такомиллаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
А.Мусаев, ЎзА