Йога – соғлом ҳаёт ва узоқ умр санъати
Тошкент шаҳрида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан 12-Халқаро йога куни кенг нишонланди.
Маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, спорт ихлосмандлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ушбу тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди.
Тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним ҳамда бошқа расмийлар сўзга чиқиб, йога инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва фаол узоқ умр кечиришга хизмат қилувчи муҳим восита эканини таъкидлади. Шунингдек, йоганинг жисмоний ва руҳий барқарорликни таъминлаш, стрессни камайтириш ҳамда ёш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишдаги аҳамияти қайд этилди.

Таъкидланганидек, жорий йилги Халқаро йога куни “Йога – соғлом ҳаёт ва узоқ умр санъати” шиори остида ўтказилди. Ушбу мавзу йоганинг инсон ҳаёти давомида жисмоний қувват, руҳий мувозанат ва ҳиссий барқарорликни сақлашдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этди.
Тадбир давомида таниқли ҳинд актрисаси ва Ҳиндистон парламенти аъзоси Ҳема Малинининг табрик йўллови видеомурожаат шаклида намойиш этилди ва иштирокчилар томонидан илиқ қарши олинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон йога федерацияси ҳамкорлигида “Yoga for All” (“Барча учун йога”) китобининг ўзбек тилидаги таржимаси тақдим этилди. Мазкур нашр йога бўйича билим ва амалиётларни аҳоли ўртасида янада кенг оммалаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Халқаро йога куни доирасида Ҳиндистоннинг қадимий анъанавий тиббиёт тизими ҳисобланган Аюрведага бағишланган махсус бурчак ҳам ташкил этилди. Унда турли табиий соғломлаштириш маҳсулотлари ва нашрлари намойиш қилиниб, иштирокчиларга соғлом турмуш тарзи ҳамда табиий даволаш усуллари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА