Гарвард марҳумлар жасади учун 53 миллион доллар тўлайди
Гарвард университети тиббий тадқиқот учун ҳадя қилинган инсон танаси аъзолари сотилиши билан боғлиқ даъвони ҳал қилиш учун 53 миллион доллар ажратади. Бостон суди келишувни дастлабки тарзда маъқуллаган. Маблағ икки алоҳида компенсация жамғармаси орқали тақсимланиши режалаштирилган.
Гарвард тиббиёт мактаби морги мудири Седрик Лож 2023 йил ишдан бўшатилган. Терговга кўра, у 2018 йилдан бошлаб иш берувчиси, донорлар ёки уларнинг оилалари хабардор бўлмаган ҳолда тана аъзоларини олиб, бошқа штатлардаги харидорларга юборган. Лож айбини тан олган ва ўтган йил декабрда 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Унинг рафиқаси Дениз ҳам шу ишда қатнашгани учун бир йил озодликдан маҳрум этилган. Жасад қисмларини сотиб олган яна олти киши ҳам айбини тан олган ва жазога тортилган. Гарвард раҳбарияти Ложнинг қилмишини тиббиёт соҳаси қадриятига хиёнат, дея баҳолаган.
Келишувга кўра, жабрланган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, университет 2027-2028 ўқув йилидан бошлаб стипендия ажратишни режалаштирмоқда. Гарвард анатомик донорлик дастурида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида оилаларга маълумот бериши ва Ложнинг қилмишини қораловчи баёнот тақдим этиши ҳам кўзда тутилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА