Ғарбий Соҳилда кескинлик кучайди
Ғарбий Соҳилда кенг кўламли рейд ўтказилди. Турли ҳудудларда тинтув олиб борилиб, бир неча фаластинлик ҳибсга олинган. Ҳудудда кескинликни янада кучайиши тахмин қилиняпти.
Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ҳудудида бугун эрталаб Исроил ҳарбийлари томонидан қатор рейдлар ўтказилди. Амалиёт давомида бир неча шаҳар ва аҳоли манзилида тинтув олиб борилиб, бир неча фаластинлик қўлга олинган.
Жумладан, Рамаллоҳ шаҳрида тўрт нафар фаластинлик, жумладан она ва унинг қизи ушлангани хабар қилинди. Шунингдек, Наблус шаҳрида саккиз нафар шахс ҳибсга олинган.
Байтуллаҳмнинг турли ҳудудларида ҳам рейд амалга оширилиб, тўрт фуқаро, жумладан уч нафар бола қўлга олингани маълум бўлди. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли орасида хавотир уйғотган.
Шу билан бирга тун давомида Ғарбий Соҳилнинг айрим жойларида уйларни бузиш ҳолат қайд этилган. Манбаларга кўра, бундай ҳаракат ҳудуддаги кескинликни янада кучайтиради.
Ф.Яхшибоева, ЎзА