Гандболчи қизларимиз Осиё чемпионати ярим финалида
Шу кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида гандбол бўйича U16 ёш тоифасидаги қизлар жамоалари ўртасида Осиё чемпионати мусобақалари қизғин баҳсларга бой тарзда давом этмоқда.
Қитъа биринчилигида Осиёнинг 6 та сара жамоаси ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Хусусан, Хитой, Ҳонг Конг, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари жаҳон чемпионатига бериладиган икки йўлланма учун кураш олиб бормоқда.

Илк турларда Қозоғистон ҳамда Хитой жамоаларига қарши кечган баҳсларда мағлубият қайд этилган бўлса, Эрон терма жамоаси устидан муҳим ғалабани қўлга киритган гандболчи қизларимиз Қирғизистон вакилларини 65:13 ҳисобида доғда қолдирди.
Кеча чемпионатнинг навбатдаги кунида гандболчи қизларимиз Ҳонг Конг жамоасига қарши майдонга тушди. Шиддатли кечган ўйинда ҳамюртларимиз рақибларини 40:23 ҳисобида таслим этиб, ярим финал йўлланмасини нақд қилди.

Бугун чемпионат иштирокчилари учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Эртага, 17 май куни ташкил этиладиган ярим финал ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон билан, Хитой Эрон билан рўбарў келади.
Айнан ушбу қарама-қаршиликда устунликка эришган жамоалар Осиё чемпионатининг финалида 1-2-ўринлар учун, мағлуб бўлган жамоалар 3-4-ўрин учун куч синашади.

Жаҳон чемпионати йўлланмаларини тақдим этадиган қитъа биринчилигининг финал ўйинлари 18 май куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА