Артур Гулиев Жаҳон кубогининг II босқичида олтин медални қўлга киритди
Германиянинг Бранденбург шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Жаҳон кубогининг II босқичи старт олди. Дунё бўйлаб кучли спортчиларни жамлаган мусобақада вакилларимиз ҳам иштирок этмоқда.
Мусобақада 60 давлатдан жами 854 нафар спортчи қатнашмоқда. Унда жами 243 та пойга ўтказилади. Параканоэ йўналишида эса 159 нафар эшкак эшувчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Жами 36 та медаль жамланмаси ўйналади. Шундан 24 таси байдарка ва каноэда эшкак эшиш, 12 таси эса параканоэ баҳсларига тўғри келади.
Қувонарлиси, мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли бошланди. Ҳамюртимиз Артур Гулиев C1 200 метр масофага кечган “А” финал баҳсида олтин медални қўлга киритди. Унинг ортидан Пабло Грана (Испания) ва Сергей Свинарев (Россия) маррага етиб келди.
Мазкур мусобақа иштирокчилари 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА