Гандбол: Ўзбекистон жамоаси “IHF Nations Trophy” турнири ғолиби
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин спорт турлари мажмуасида гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган “IHF Nations Trophy” халқаро мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятга эришди.
Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистон терма жамоалари қатнашган турнирда ҳамюртларимиз деярли барча учрашувларда рақибларини мағлуб этди.
Кеча “IHF Nations Trophy” турнирининг ҳал қилувчи баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси финалда Туркманистон билан, 3-ўрин учун кечган ўйинда Покистон Қирғизистон жамоаси билан тўқнаш келди.

Қизиқарли кечган ўйинда покистонликлар Қирғизистон жамоасини 33:23 ҳисобида енгиб, бронза медалини қўлга киритган бўлса, Ўзбекистон жамоаси туркманистонлик гандболчи қизларни 21:16 ҳисобида таслим этиб, халқаро турнирнинг олтин медалларига эга чиқди.
Ушбу муваффақият жамоавий бирдамлик, фидойилик ва ғалабага бўлган интилишнинг ёрқин намунаси бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА