Суперлигада сўнгги олти тур олдидан вазият қандай?
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 24-тур учрашувларининг сўнгги кунида учта ўйин ўтказилди. Унда «Пахтакор» ва «Навбаҳор» очколарни бўлишиб олган бўлса, «Насаф» ва «Локомотив» дуранг ўйнади. «Бухоро» эса сафарда муҳим уч очкога эга чиқди.
Тур доирасидаги марказий баҳсда «Навбаҳор» ва «Пахтакор» жамоалари дуранг ўйнади. Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионда ўтган учрашувнинг 43-дақиқасида Фламарион узатмасидан сўнг Заид Таҳсин ҳисобни очди. Иккинчи бўлимнинг 84-дақиқасида эса Умар Адҳамзода узатмасини Муҳаммадқодир Ҳамралиев голга айлантириб, мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолди — 1:1. Қайд этиш жоизки, мазкур учрашувни стадиондан 22 минг 751 нафар мухлис томоша қилди.
Турнинг яна бир учрашувида Тошкентда «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Унда ҳисоб очилмади — 0:0. Самарқандда эса «Динамо» «Бухоро»ни қабул қилди. Учрашувнинг 6-дақиқасида Анвар Ҳожимирзаев мезбонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Жавоҳир Рўзиев узатмасидан кейин Асадбек Жўрабоев ҳисобни тенглаштирди. 89-дақиқада Ника Качарава пенальтидан аниқ фойдаланиб, «Бухоро»га ғалаба келтирди — 2:1.

Шу тариқа, миллий чемпионатимизда ўтган 24 та учрашувдан сўнг Фарғонанинг «Нефтчи» клуби 55 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа рақиблар дарвозасига 56 та гол киритиб, ўз дарвозасидан 21 та тўп олиб чиққан. Бу кўрсаткич фарғоналикларга тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик бермоқда. Тошкентнинг «Пахтакор» клуби 53 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. «Шерлар» пешқадамдан атиги икки очкога ортда қолмоқда. Демак, чемпионлик учун курашда ҳар бир учрашув ва йўқотилган ҳар бир очко ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси 46 очко билан кучли учликни якунлаб берган.
Турнир жадвалининг тўртинчи поғонасида 40 очко тўплаган «Бухоро» жойлашган. Кейинги ўринларни 39 очкодан жамғарган «ОКМК» ва «Локомотив» банд этган. Қаршининг «Насаф» жамоаси 38 очко билан еттинчи, «Қизилқум» 33 очко билан саккизинчи ўринда бормоқда. «Андижон» ва «Динамо» 30 тадан очко билан тўққизинчи ва ўнинчи ўринларни эгаллаган. «Сўғдиёна» 29 очко жамғариб, 11, «Сурхон» эса 28 очко билан ўн иккинчи ўринда қайд этилган.
Қуйи ўринлардаги рақобат ҳам кескин тус олган. Ҳусусан, «Қўқон-1912», «Бунёдкор» ва «Хоразм» жамоалари 23 тадан очко тўплаб, мос равишда 13-15-ўринларни эгаллаб турибди. Муборакнинг «Машъал» клуби эса 24 та учрашувда атиги бир марта ғалаба қозониб, бир марта дуранг ўйнаган ва 22 бор мағлуб бўлган. Жамоа 4 очко билан турнир жадвалининг сўнгги, 16-ўрнида бормоқда.
Чемпионат якунига олти тур қолган бир пайтда «Машъал»нинг энг яқин рақиблари билан очколар фарқи жуда катта. Мавжуд ҳолатга кўра, жамоа Суперлигада қолиш учун математик имкониятини йўқотган ва қуйи лигага тушиши аниқ бўлган.

Суперлиганинг энг яхши тўпурарлари баҳсида «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 15 та гол билан якка пешқадамлик қилмоқда. «Нефтчи» вакили Стипе Перица 13 та гол билан иккинчи ўринда бормоқда. «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов эса 12 та гол билан кучли учликдан жой олган.
Кейинги ўринларда 10 тадан гол урган «Бухоро» вакили Шерзод Эсанов ҳамда «Динамо» аъзоси Анваржон Ҳожимирзаев бор. «Насаф» ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов ва «Пахтакор» футболчиси Достонбек Ҳамдамов ҳисобида эса 9 тадан гол мавжуд.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тур учрашувлари 22-26 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйида ушбу турдаги учрашувлар билан танишасиз:
22 октябрь (чоршанба): 18:30 — «Бунёдкор» — «Машъал»;
23 октябрь (пайшанба): 19:00 — «Пахтакор» — «Нефтчи», «Бухоро» — «Сурхон»;
24 октябрь (жума): 18:00 — «Насаф» — «Сўғдиёна»;
25 октябрь (шанба): 16:00 — ОКМК — «Қўқон-1912», 18:00 — «Қизилқум» — «Локомотив», 18:15 — «Динамо» — «Андижон»;
26 октябрь (якшанба): 18:30 — «Хоразм» — «Навбаҳор».
Суперлиганинг навбатдаги, 25-турида чемпионлик пойгасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим учрашув бўлиб ўтади. Унда 23 октябрь куни «Пахтакор» ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилади. Айни пайтда жамоалар ўртасидаги икки очколик фарқ мазкур баҳснинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА