Гандбол: “Беш ташаббус олимпиадаси” финалида Тошкент ва Фарғона жамоалари куч синашади
Пойтахтимизда “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари доирасида гандбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида ўтказилаётган “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги”нинг республика босқичи финал босқичи мусобақалари ўзининг юқори нуқтасига етиб келди.
Бугун, 11 сентябрь куни Республика олимпия ва паралимпия спорт мажмуасида финал ўйинлари бўлиб ўтади.
14 жамоа 4 та гуруҳга тақсимланган ҳолда ўтган муросасиз саралаш баҳслари натижасида Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри гандбол жамоалари ғолиблик учун майдонга тушадиган бўлди.
“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Кубоги”нинг ортда қолган ярим финал баҳсларида пойтахт гандболчилари Жиззах вилояти жамоасини 15:10 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олган бўлса, иккинчи ярим финал учрашувида Фарғона вилояти вакиллари мураккаб ўйинда Самарқанд вилояти жамоасини 17:16 ҳисобида доғда қолдирди.

Бугун шунингдек, Самарқанд ва Жиззах жамоалари бронза медаллари учун курашда тўқнаш келади.
“Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинларининг ҳал қилувчи баҳслари олдидан Тошкент шаҳри спорт бошқармаси бошлиғи Бекзод Убайдуллаев ҳамда Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоилжон Матхолиқов гандбол жамоалари аъзолари билан очиқ суҳбат ўтказди.
Мулоқот давомида мусобақанинг аҳамияти, жамоаларнинг ундаги иштироки, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда финал баҳсларига тайёргарлик, маҳоратли спортчиларни аниқлаш, терма жамоаларга жалб этиш тизими хусусида фикр юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимининг муҳим йўналиши бўлган “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш учун имконият яратишда муҳим майдонга айланмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА