3 нафар дзюдочимиз бугун Венгрия беллашувларида қатнашади
Бугун, 10 сентябрь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича "Катта дубулға" туркумига кирувчи “Hungary Grand Slam-2026” турнирининг илк кунида эркаклар -60 ва -66 килограммда, дзюдочи қизлар эса -48, -52 ва -57 кило оғирликдаги беллашувларда иштирок этади.
Айтиш лозим, спортчиларга совринли ўринлар билан бирга муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган Венгрия беллашувларида мезбонларнинг 38, Франция терма жамоасининг 22, Исроил жамоасининг 19, Озарбайжоннинг 18, шунингдек, Нидерландия, Германия, Бразилия ва Украинанинг 17 нафар дзюдочиси қатнашаётган бўлса, Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

70 та давлатнинг 531 нафар дзюдочиси иштирокида ўтадиган нуфузли мусобақанинг дастлабки кунида Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси совринли ўринлар учун баҳс олиб боради.
Хусусан, халқаро турнирнинг илк саралаш беллашувида Достон Рўзиев -60 килограммда анголалик Леонардо Баррос билан, Севинч Муродова -48 кило оғирликда швециялик Тара Бабулфатҳ билан ҳамда -52 килограммда Муҳайё Аҳматова венгриялик Николетт Саги билан куч синашади.
Мусобақалар 13 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА