Ғалладан бўшаган майдонларга барака уруғи қадалди
Ердан унумли фойдаланиш — қишлоқ хўжалигида мўл ҳосилнинг асосий гарови. Сардоба туманида ғалла ўриб олинган майдонлар бўш қолдирилмаяпти. Аксинча, ҳар бир қарич ердан икки ҳосил олиш мақсадида такрорий экинлар экиш ишлари изчил давом этмоқда. Бу эса аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда туманда ғалладан бўшаган 11 минг 500 гектар ер майдонининг 8 минг гектарида такрорий экинлар етиштириш режалаштирилган. Шундан 555 гектар майдонга картошка экилиб, ҳар гектардан ўртача 130 центнердан ҳосил олиш ҳисобига жами 7 минг 150 тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилган.

— Айни кунларда туманнинг барча ҳудудларида ерларни экишга тайёрлаш, тупроққа ишлов бериш, уруғлик картошкани экиш ҳамда суғориш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Барча агротехник тадбирлар белгиланган муддатлар ва талаблар асосида амалга оширилмоқда, — дейди Сардоба тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Фарҳод Жуманов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, такрорий картошка етиштиришда ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш юқори ҳосилдорликнинг муҳим омили ҳисобланади. Хусусан, тупроқда намликни сақлаш, минерал ўғитлардан илмий асосланган меъёрларда фойдаланиш, шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга қарши профилактик чораларни ўз вақтида амалга ошириш мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради.

— Такрорий картошка экини ер ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини яратади. Шу билан бирга, кузги мавсумда ички бозорга қўшимча маҳсулот етказиб бериш, аҳолини маҳаллий картошка билан таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ва фермер хўжаликларининг даромадини оширишга хизмат қилади, — дейди Фарҳод Жуманов.


Сардобалик деҳқонлар учун ғалладан бўшаган ҳар бир майдон — янги имконият манбаи. Бугун тупроқ бағрига қадалаётган барака уруғи эртага минглаб хонадонлар дастурхонига тўкинчилик, фермерлар меҳнатига эса муносиб даромад бўлиб қайтиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири