Футболчиларимиз Осиё кубогида Австралия билан ўйнайди
Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасида Осиё кубогининг гуруҳ босқич учинчи тур учрашувлари бугун, 13 май куни ўз якунига етди.
Мусобақанинг ушбу турида “D” гуруҳида Ўзбекистон U17 терма жамоаси Австралия термасига қарши ўйин ўтказади. Аслида бу икки жамоа ҳисобида 3 очко бўлиб, Осиё кубогининг чорак финали ва Қатарда бўладиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган.
Бу баҳс гуруҳ пешқадами ким эканига ойдинлик киритиш мақомида ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.

Шунингдек, бугун “C” гуруҳида Яман ва Жанубий Корея, БАА ҳамда Вьетнам ўзаро тўқнаш келади. Ушбу учрашувлар натижасига қараб, ушбу гуруҳда чорак финал ва мундиалга йўл олган жамоалар номи аниқ бўлади.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, айнан “C” ва “D” гуруҳидан 1/4 финалга йўл олган терма жамоалар 16 май куни ярим финал йўлланмаси учун рақобатлашади. Унда доимгидек, гуруҳ пешқадамларига иккинчи ўринни банд этган термалар рақиблик қилади.
Энди эса кеча “А” ва "B" гуруҳларида қайд этилган сўнгги натижалар билан таништириб ўтамиз. “А” гуруҳида Саудия Арабистони 5:5 ҳисобида Тожикистон билан дуранг қайд этди. Натижада мусобақа мезбонлари ва тожикистонлик футболчилар 7 очко тўплаб, гуруҳда 1-2 ўринни эгаллади. Таиланд ҳамда Мьянма тўқнашуви эса 2:2 ҳисобидаги дуранг билан тугади. Шу тариқа бу жамоалар 1 очко тўплаган ҳолда мусобақа билан хайрлашди.
"B" гуруҳида Япония 3:1 ҳисобида Индонезияни таслим этди ва 9 очко билан кейинги босқичга ўтди. Хитой эса Қатарни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Натижада Хитой, Қатар ва Индонезия терма жамолари бир хил 3 очко тўплаган бўлса-да, голлар нисбатига кўра хитойлик футболчилар гуруҳдан чиқди.
Энди Осиё кубогининг чорак финалида Саудия Арабистони – Хитой, Япония – Тожикистон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бу ўйинлар 15 май куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА