Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал босқичидан ўрин олган барча учрашув ўз якунига етди (+видео)
Хусусан, финалдан олдинги финал, дея эътироф этилган баҳсда "Реал Мадрид" ўз майдонида "Бавария"ни қабул қилди.
Мазкур тўқнашувда мезбонлар 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувда дастлаб 41-дақиқада Луис Диас ҳисобни очган бўлса, 46-дақиқада Ҳарри Кейн жарима майдончаси ташқарисидан зарба бериб, ҳисобдаги фарқни иккитага оширди. Кетма-кет ҳужумлардан сўнг эса мезбонлар футболчиси Килиан Мбаппе 74-дақиқада ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Сантьяго Бернабеу” стадионида ўтган бу ўйинда “Бавария” посбони 40 ёшли Мануэль Нойер учрашувда ҳақиқий қаҳрамон бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Нойер ўйин давомида жамоасини 9 бор муқаррар голдан сақлаб қолди. Бу орқали посбон баҳснинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
Шунингдек, у бир жамоа таркибида ЕЧЛда дастлабки дақиқалардан майдонга тушиш бўйича Мессига етиб олди. Дарвоқе, Мануэль Нойер 2017 йили айнан “Реал”га қарши ўтган баҳсда 10 та сейвни амалга оширган эди. Шу тариқа, “Бавария” Мадриддан ғалаба билан қайтди.
Лиганинг 1/4 финал босқичидан ўрин олган "Спортинг" — "Арсенал" жамоалари ўртасидаги илк тўқнашувда "канонирлар" кичик - 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голни 90+1-дақиқада Кай Хаверц киритди.
Маълумот учун, “Арсенал”нинг бу муваффақияти сабаб Англия клублари УЕФА коэффициентлари жадвалида қўшимча йўлланмани қўлга киритди. Натижада Англия Премьер-лигаси якунларига кўра, 2026/2027 йилги ЕЧЛ умумий босқичида ушбу чемпионатдан 5 та жамоа иштирок этадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ иштирокчилари сони 36 тага оширилганидан кейин, қўшимча икки йўлланма энг юқори коэффициентга эга давлатларга берилади. Айни пайтда Англия клублари 25,013 очко тўплаган. Иккинчи йўлланма учун Германия ва Испания кураш олиб бормоқда.
Париж шаҳрида ўтган “ПСЖ” ва "Ливерпуль" клублари баҳси 2:0 ҳисобида ўз якунига етди. Учрашувдаги голларга 11-дақиқада Дезире Дуэ ва 65-дақиқада Хвича муаллифлик қилди.
Шунингдек чорак финал босқичидан ўрин олган "Барселона" ҳамда "Атлетико" жамоалари ўртасидаги ўйинда 1:2 ҳисоби қайд этилди. Унда дастлаб, 45-дақиқада Хулиан Алварез жарима зарбасидан гол урган бўлса, 70-дақиқада Александр Сёрлот орадаги фарқни иккитага оширди.
Шу тариқа, “Атлетико” "Камп Ноу" стадионида 20 йил кутилган ғалабани қўлга киритди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мадридликлар ушбу стадиони сўнгги бора, 2006 йилда зафар қучган. Миллий чемпионат доирасида ўтган ўйинда “Атлетико” 1:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу жамоалар ўтган вақт ичида "Камп Ноу"да 26 маротаба турли мусобақаларда рақобатлашди ва уларда “матрасчилар” бирор марта ғолиб бўла олгани йўқ.
Албатта, 2024 йилда Диего Симеоне шогирдлари каталонияликларни сафарда енганини таъкидлаб ўтиш лозим, лекин бу ўйин "Монжуик" стадионида ташкил этилган эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kYheemCCWfo" title="YeCHLda shovqinli o’tgan chorak final o’yinlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жавоҳир Тошхўжаев, Карим Худойқулов, ЎзА