Абдусатторов, Синдоров етакчилигидаги Ўзбекистон жамоаси Карлсен ва бошқа кучлилар билан беллашади
Жорий йилнинг 17-21 июнь кунлари Ҳонг Конгда рапид ва блиц бўйича жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионати (FIDE World Team Rapid & Blitz) ўтказилади. Унда иштирок этадиган жамоалар ва шахматчилар номи эълон қилинди.
Тўртинчи бор ташкил этилаётган мазкур жаҳон чемпионатида 43 та жамоанинг 300 нафардан зиёд шахматчилари дона суриши тасдиқланди.
Умумий мукофот жамғармаси 500 минг евродан иборат нуфузли турнирнинг биринчи рақамли жамоаси сифатида талқин этилган “WR Chess” жамоаси мазкур мусобақанинг 2023 йилги баҳсида рапид йўналишида, 2024 ва 2025 йиллари блиц йўналишида чемпионликни қўлга киритган.
Жамоа таркиби дунёнинг етакчи гроссмейстерлари Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Максим Вашье-Лаграв, Уэсли Со, Ян-Кшиштоф Дуда, Хоу Ифань ва Александра Костенюкдан иборат этиб белгиланган.

Шунингдек, Левон Аронян, Аниш Гири, Алиреза Фирузжа, Видит Гужрати, Катерина Лагно ва Володар Мурзиндан иборат “Hexamind”, Аржун Эригаиси, Ниҳал Сарин, Пранав, Леон Люк Мендонка ва Ҳарика Дронаваллни жамлаган Ҳиндистоннинг “MGD1” вакиллари, Праггнанандха, Аравиндх Читхамбарам, Вайшали Рамешбабу ва Пранаш қатнашадиган “Chessgurukul”, Дин Лижэн, Вэй И, Ю Янъи, Цзю Вэньцзюн ҳамда Лэй Тинцзени таркибига олган Хитойнинг “Dragon Chilling” жамоалари ғолибликка даъвогар сифатида талқин этилмоқда. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Рустам Қосимжоновдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кучлиларни енгишга қодир жамоа сифатида келтириб ўтилган.
Айтиш лозим, аввалги ва ҳозирги дунё шахматининг энг кучлилари ҳисобланган Вишванатан Ананд, Жорден ван Форест, Шаҳрияр Мамедяров, Александр Грищук, Ричард Раппорт сингари ўнлаб номдорларни бир майдонга жамлайдиган мазкур чемпионат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун келгуси мусобақалар, хусусан Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, Жавоҳир Синдоровга Жаҳон шахмат тожи учун Гукешга қарши баҳсга тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Т.Рўзиев,
ЎзА