Фуқаронинг имконияти ва эҳтиёжига алоҳида ёндашиш зарур
Камбағалликни қисқартириш — фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсонга ўз меҳнати билан муносиб даромад топиши учун шароит яратишдир. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида ҳам ана шу эзгу мақсад — инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳар бир оилани барқарор даромад манбаига эга қилиш ғояси мужассам.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, маҳаллабай ишлаш, ҳар бир хонадоннинг имкониятини чуқур ўрганиш, муаммонинг илдизига етиб бориш ва инсонни тайёр ёрдамга эмас, барқарор даромадга йўналтириш тамойили ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Бу жараёнда маҳалла “еттилиги”нинг зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Зеро, одамларнинг дардини, эҳтиёжини, қобилияти ва имкониятини энг яхши биладиган тизим ҳам айнан маҳалладир.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Зиёрат маҳалласида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ана шу ёндашув асосида танқидий-таҳлилий ўрганилди.
Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров маҳаллада бўлиб, маҳалла “еттилиги” вакиллари билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида ҳудудда камбағалликнинг олдини олиш, ишсизликни камайтириш, аҳолини доимий меҳнат билан таъминлаш ва хонадонлар даромадини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди.

Эътиборлиси, бу жараён умумий рақамлар билан чекланиб қолмади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаронинг имконияти, эҳтиёжи ва меҳнат салоҳиятига алоҳида ёндашиш зарурлиги таъкидланди.
Маҳаллада ўтказилган сўровномалар натижасида 92 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланмагани аниқланди. Уларнинг 47 нафари Камбағаллик реестрига киритилган меҳнатга лаёқатли фуқаролар, 45 нафари эса меҳнатга лаёқатли ишсизлар экани маълум бўлди.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Уларнинг ҳар бири — ишлашни, оиласига даромад олиб келишни, фарзандлари келажагини яхшилашни истаган инсон тақдири. Шу боис бугунги вазифа — ишсизларни санаб чиқиш эмас, уларнинг ҳар бири учун аниқ ечим топиш.
Сўровнома натижалари асосида фуқароларни бандликка йўналтиришнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди.
Хусусан, чорвачилик, қўйчилик, иссиқхона, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тикувчилик каби йўналишларда хонадонларга даромад келтирадиган лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бунинг моҳияти оддий, аммо ниҳоятда муҳим: инсонга бир марталик ёрдам беришдан кўра, унинг қўлига касб, имконият ва доимий даромад манбаини бериш самаралироқ.
Масалан, бир хонадонда чорвачиликни ривожлантириш учун шароит бўлса — шу имкониятдан фойдаланиш, бошқа бир хонадонда тикувчиликка қизиқиш ва қобилият мавжуд бўлса — уни замонавий тикув машинаси, ўқув ва молиявий кўмак билан қўллаб-қувватлаш, яна бир оилада иссиқхона ташкил этиш имконияти бўлса — шу йўналишда лойиҳани амалга ошириш керак. Шунда камбағалликнинг сабаби эмас, унинг ечими ҳақида гапириш мумкин бўлади.
Зиёрат маҳалласида тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Айни пайтда маҳаллада 39 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, уларнинг 37 таси фаолият юритмоқда. Бу рақамлар маҳаллада тадбиркорлик учун муайян салоҳият борлигини кўрсатади. Энди асосий вазифа — мавжуд тадбиркорларнинг имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва фаолият юритмаётган субъектларнинг ишини қайта тиклашга кўмаклашишдан иборат. Зеро, битта янги корхона — бир нечта оила учун даромад манбаи. Битта янги иш ўрни — бир инсоннинг эртанги кунига бўлган ишончидир. Шу маънода маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш фақат иқтисодий масала эмас, балки ижтимоий барқарорликнинг ҳам муҳим омилидир.
Маҳаллада Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар ҳолати ҳам чуқур ўрганилди. Давлат таъминотидаги, камбағал ва камбағаллик чегарасидаги оилалар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш билан бир қаторда, меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиб, доимий даромад манбаига эга қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Бу ерда энг муҳим жиҳат — инсонни фақат ёрдам олувчи сифатида кўришдан воз кечиб, унинг ички имкониятларини рўёбга чиқаришдир. Чунки ҳар бир оилада меҳнат қила оладиган инсон, ҳар бир инсонда эса қандайдир қобилият бор. Фақат уни кашф этиш, тўғри йўналтириш ва зарур шароит яратиш лозим.
Туман ҳокими маҳалла “еттилиги” вакилларига ҳар бир фуқаро билан индивидуал ишлаш, иш излаётганларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш, касб-ҳунар эгаллаш истагидаги фуқароларни ўқитиш, тадбиркорликни бошламоқчи бўлганларга имтиёзли кредитлардан фойдаланишда амалий кўмак кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Эндиликда ҳар бир ишсиз фуқаро бўйича алоҳида ёндашув, ҳар бир хонадон бўйича аниқ режа ва ҳар бир лойиҳа бўйича натижа талаб этилади. Бу эса маҳалла фаолиятида “умумий иш” тушунчасидан “аниқ инсон — аниқ натижа” тамойилига ўтишни англатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири