Корхона ҳудудида O‘zLiDeP боғи барпо этилмоқда
Бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида яшил боғлар барпо этиш, айниқса, ишлаб чиқариш корхоналари ён-атрофларида яшил белбоғлар ташкил этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида “Ўзметкомбинат” ҳудудида O‘zLiDeP боғи барпо этилмоқда.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мазкур корхона ҳудудида O‘zLiDeP боғини барпо этиш лойиҳасига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Ўзметкомбинат” АЖ Бош директори Баҳодир Абдуллаев ҳамда O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқин Файзиев иштирок этди.
Лойиҳа доирасида 1,5 гектар майдонда замонавий ва кўркам яшил ҳудуд ташкил этиш режалаштирилган. У ерда 500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуд ободонлаштирилади, яшил майдонлар кенгайтирилади. Шунингдек, корхона ходимлари ва шаҳар аҳолиси учун қулай дам олиш ва сайр қилиш шароитларини яратиш кўзда тутилмоқда. Янги боғ Бекобод шаҳрининг яшил инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
O‘zLiDeP боғининг барпо этилиши атроф-муҳитни асраш, ҳаво сифатини яхшилаш ва яшил ҳудудлар салмоғини ошириш билан бир қаторда Бекобод шаҳрининг янада обод ва кўркам қиёфасини шакллантиришга ҳисса қўшади. Ҳудуд иқлимини яхшилаш, яқин атрофдаги аҳоли вакиллари учун қулайлик яратишга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА