Фуқароларнинг мурожаатлари жойида ҳал этилди
Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, мавжуд муаммоларга тезкор ечим топиш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни кучайтириш мақсадида Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Навбатдаги шундай сайёр қабул Қизилтепа туманида ўтказилди. Унда инспекция раҳбари ўринбосари Фозил Ҳайитов ҳамда масъул ходимлар иштирок этиб, фуқароларнинг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига оид мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқди.

Қабул жараёнида жами 15 нафар фуқаро ўз муаммолари билан мурожаат қилди. 7 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 6 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалий тавсиялар тақдим этилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган 2 та мурожаат эса назоратга олиниб, уларнинг ижроси масъулларга бириктирилди.

– Маҳалламизда ўтказилган сайёр қабулда ичимлик суви босими пастлиги юзасидан мурожаат қилдим, – дейди Кулолон маҳалласида истиқомат қилувчи Мақсуд Султонов. – Мурожаатим шу куннинг ўзидаёқ ижобий ечим топди. Мутахассислар ҳолатни ўрганиб, муаммони жойида ҳал этди.
Албатта, бундай сайёр қабуллар аҳолининг мурожаатларини жойига чиқиб ўрганиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва самарали ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳудудий инспекция томонидан бу каби сайёр қабуллар бундан кейин ҳам ўтказилиб, аҳоли учун қулайлик яратиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири