Заргарлик саноати учун импорт ускуналари божхона божидан озод этилди
Ўзбекистонда заргарлик саноатини ривожлантириш, соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим қарор қабул қилинди.
2026 йил 18 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик саноатида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 251-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган айрим асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ҳамда сарфлов воситалари 2028 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинганда божхона божидан озод этилади.
Қарор билан имтиёз татбиқ этиладиган маҳсулотлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Унда асосан заргарлик соҳасида замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини таъминловчи юқори технологияли ускуналар, махсус жиҳозлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари қамраб олинган.
Ҳукумат қарорига кўра, божхона имтиёзлари фақат янги асбоб-ускуналарга, битта контракт асосида импорт қилинадиган маҳсулотларга, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган техникаларга нисбатан қўлланади.
Шунингдек, импорт қилинаётган ускунанинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки ишлаб чиқарувчи томонидан берилган расмий ҳужжат тақдим этилиши шарт қилиб белгиланган.
Мазкур имтиёзлар заргарлик соҳасига илғор технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида экспорт ҳажмини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ички бозорни сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
Қайд этилишича, қарор Президентнинг заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, соҳада инвестициявий жозибадорликни янада оширишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА