Франциянинг IT компанияси Ўзбекистонда иш бошлайдими?
Парижда ўтказилган Халқаро космик саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Бобур Ходжаев ҳамда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “LINAGORA” компанияси асосчиси ва бош директори Александр Запольский билан учрашди.
“LINAGORA” 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Франциянинг Исси-ле-Мулино шаҳрида жойлашган. Компанияда қарийб 200 нафар ходим ишлайди. У Франциядан ташқари Тунис, Вьетнам ва Канадада ҳам фаолият юритади.
Компания давлат ва хусусий сектор учун очиқ манбали дастурий маҳсулотлар, рақамли хизматлар ва сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқади.
Мулоқотда компаниянинг дастурий таъминот ишлаб чиқариш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонга офшоринг қилиш имконияти муҳокама қилинди. Яъни, компания айрим дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатиш ишларини Ўзбекистондаги жамоа орқали амалга ошириши мумкин.
Бунда Ўзбекистоннинг малакали IT мутахассислари, нисбатан мақбул харажатлар ва IT компаниялар учун яратилган экотизим муҳим омил сифатида қайд этилди. IT Park вакиллари компанияга Ўзбекистондаги кадрлар салоҳияти, харажатлар тузилмаси ва резидент компаниялар учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, “LINAGORA”нинг IT Park резиденти сифатида олиши мумкин бўлган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари тушунтирилди.
Учрашувда маҳаллий IT компаниялари яратаётган рақамли ечимлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Бу маҳсулотларни Европа бозоридаги буюртмачиларга таклиф қилиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган IT ечимларининг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик фақат дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмайди. IT Park ва “LINAGORA” рақамли суверенитет йўналишида ҳам биргаликда ишлаш имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, компаниянинг “Twake”, “LinShare” ва “OSSA” каби ечимларини Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий секторида жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.
Сунъий интеллект масаласи ҳам мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. “LINAGORA”нинг “OpenLLM Europe” лойиҳаси ва унинг доирасида ишлаб чиқилган “LUCIE” сунъий интеллект модели бўйича тажрибаси муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва бу йўналишда “LINAGORA” билан ҳамкорлик қилиш истиқболларини ўрганишга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА