Франция тажрибаси сув таъминоти соҳасидаги ислоҳотларга хизмат қилади
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимларини модернизация қилиш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасида халқаро ҳамкорлик изчил ривожлантирилмоқда. Бу йўналишда дунёнинг етакчи компаниялари билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар соҳа самарадорлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Францияда хизмат сафарида бўлиб турган “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров бошчилигидаги делегация сув таъминоти ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илғор муҳандислик ечимларини ўрганишга қаратилган қатор учрашув ва амалий ташрифларда иштирок этмоқда.

Сафар доирасида делегация аъзолари Франциянинг “SUEZ” компанияси рақамли технологиялар марказида бўлиб, ташкилот раҳбари Самуэль Лойсон билан учрашди. Мулоқот давомида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ва “SUEZ” компанияси ўртасида амалга оширилаётган “Тошкент шаҳар ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” халқаро лойиҳаси доирасида аҳоли истеъмолчилари учун ақлли ҳисоблагичларни ўрнатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа раҳбари Пьер Кокаро билан бўлиб ўтган музокараларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришди.

Сафар дастуридан ўрин олган яна бир муҳим тадбир доирасида делегация Франциянинг шимолида жойлашган Вильнёв-ла-Гаренн ҳудудида оқова сув қувурларини замонавий усулда таъмирлаш жараёнлари билан танишди.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган технологияга кўра, қувурларнинг ички қисми махсус қоплама материаллари ёрдамида қайта тикланади. Бунда ер қазиш ишларига эҳтиёж қолмайди, бу эса аҳоли учун ноқулайликларнинг олдини олиш, вақт ва харажатларни қисқартириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тажриба сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар учун муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА