Франция полицияси норозиликка чиқди: улар нимани талаб қилмоқда? (+видео)
Сешанба куни Франциянинг йирик шаҳарларида полиция ходимлари намойишларда тартибни сақлаш учун эмас, аксинча ўзлари намойиш қилиб кўчага чиқди, деб хабар берди Euronews.
Парижда бир неча юз нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари Елисей майдонидаги чорраҳага йиғилди ва кейин Миллий ассамблея томон йўл олди. Норозилик ортида бир неча йилдан бери тўпланиб келаётган талаблар турибди. Касаба уюшмалари, аввало, 2019 йилдан бери индексация қилинмаган махсус «хавф учун устама» миқдорини оширишни талаб қилмоқда. Шунингдек, улар маъмурий, техник ва криминалистика ходимлари учун қўшимча маблағ ажратишни, карьера ўсиши ва штат масалалари бўйича аниқ чоралар кўрилишини сўрамоқда. Касаба уюшмаси ҳисоб-китобларига кўра, полицияга ҳар йили 300–500 миллион евро маблағ етишмайди.
Бироқ норозиликлар фақат маош масаласи билан чекланмайди. Полиция бўлимларида ходимларнинг чарчаши ва касбий тушкунликка тушиши тобора кучайиб бормоқда. Норозилик акцияси касаба уюшмалари билан Ички ишлар вазирлиги ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган кескин муносабатларнинг давоми бўлди.
Аслида ҳаракат сентябрдан анча олдин бошланган. Ёз бошларида бошланган норозиликка Касаба уюшмаси 15 сентябрни сафарбарликнинг навбатдаги босқичи деб эълон қилиб, кенг кўламли «ижтимоий куз» бошланишидан ҳукуматни огоҳлантирди.
Касаба уюшмалари сўнгги ойларда ҳукумат қабул қилган бир қатор оммабоп бўлмаган қарорларни танқид қилмоқда. Улар орасида комиссарлар маошини ошириш ҳам бор. Бошқа тоифадаги ходимлар бу қарорни бюджет чекловлари кучайиб бораётган бир шароитда номутаносиб чора сифатида қабул қилмоқда.
Энди Ички ишлар вазирлиги олдидаги асосий вазифаси норозиликнинг узоқ давом этадиган можарога айланиб кетишининг олдини олиш. Касаба уюшмалари 2027 йил бюджети тайёрланаётган бир пайтда ҳукуматдан аниқ мажбуриятларни талаб қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Z13MmwIZqzk" title="Fransiya politsiyasi norozilikka chiqdi: ular nimani talab qilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К. Бекжонов, А.Ахмедов.ЎзА