АҚШнинг Эрон урушига харажати 38 миллиард доллардан ошди
АҚШнинг Эрон билан уруши беш ойдан сал кўпроқ вақт ичида мамлакат бюджетига 38 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирди. Конгресс Бюджет бошқармаси ҳисоб-китобига кўра, 28 февралдан 1 августгача Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ ҳарбий харажат камида шунча маблағни ташкил этган, жанг шиддатига қараб эса ҳар ой яна 3 миллиард долларгача сарфланмоқда. Ташкилот бевосита вазирликдан маълумот олмагани, ахборот давлат базаси ва очиқ манбаларга асослангани сабабли рақамларда “сезиларли ноаниқлик” борлигини билдирган.
Маблағнинг асосий қисми – 21,7 миллиард доллари ўқ-дори захирасини тўлдиришга сарфланган. Шунингдек, бюджет бошқармаси ракета мудофааси учун мўлжалланган тутиб қолувчи аслаҳа захираси жиддий камайганидан огоҳлантирди: 2025 йил июнидан бери АҚШдаги шундай қуролнинг учдан икки қисми ишлатилган. Пайдо бўлган бўлиқни тўлдириш бир неча йил талаб этади. Пентагон бош йўриқчиси эълон қилган ҳисоботда айниқса “Operation Epic Fury” номи билан ўтказилган ҳарбий амалиёт стратегик захирада сезиларли танқислик келтириб чиқарганини қайд этди.
Урушнинг таъсири ҳарбий бюджет билан чекланмаяпти: Ҳурмуз бўғози ва Қизил денгиз орқали нефть ва газ ташишдаги узилиш АҚШда энергия харажати ортишига олиб келган. Конгресс аъзоси Брендан Бойл ортиқча сарфни танқид қилиб, америкалик солиқ тўловчилар зиммасига ўнлаб миллиард доллар юкланаётганини айтди. Июнь ойида Оқ уй уруш эҳтиёжининг салмоқли қисмини қамраб олган қўшимча 87,6 миллиард доллар маблағ сўраган. Конгресс эса ҳозирча бу сўровни маъқулламаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА