Франция билан маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Ўзбекистон Бадиий академиясида Франциянинг Версал ва Трианон саройлари миллий музейи директори жаноб Лоран Саломе бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик ҳамда иқтисодий алоқалар янги босқичга кўтарилиши билан бир қаторда, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам мисли кўрилмаган даражада фаоллашди.
Хусусан, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Франциянинг нуфузли маданият, санъат ва таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган изчил шериклик икки халқнинг бой тарихий меросини ўзаро ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда. Қўшма кўргазмалар, академик алмашинув дастурлари ва реставрация соҳасидаги инновацион лойиҳалар нафақат юртимиз тасвирий санъатини Европа майдонида кенг намойиш этмоқда, балки икки мамлакат ижодкорлари учун янги имкониятларни очмоқда.

Мулоқот давомида сўнгги йилларда маданият, санъат соҳасида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Франциянинг тегишли муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, француз тасвирий санъатини тарғиб қилувчи кўргазмалар ўтказилаётгани алоҳида қайд этилди. Келгуси қўшма лойиҳаларни ташкил қилиш ва ўтказиш, истиқболда янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Франция делегацияси учрашувдан сўнг Бадиий академиянинг "Академия" галереясида XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида ташкил қилинган ўзбек рассомларининг "Чархпалак" кўргазмаси билан таништирилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА