Адибнинг креслоси
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллигига
Мактабни битириб ҳаётга эркин қадам босгунга қадар келажакда қайси соҳани эгаллаш борасидаги танловлар барчада бўлгани каби менда ҳам ўзгача тарзда ўтган. Лекин мактаб давридаёқ журналист бўлиш иштиёқини менга мактабимиз директорининг мақтови уйғотган, десам муболаға бўлмайди.
Ўша пайтларда мактаб ўқувчиларининг севимли нашри “Ленин учқуни” газетасининг ҳар бир сони ўқувчилар назаридан четда қолмасди. Газетада асосан мактаб ҳаёти мавзуси кенг ёритиларди. Газетада мактублар асосида мамлакатимиз мактабларидаги янгиликлар мунтазам бериб борилар ва аксарияти мактаб ўқувчилари номидан эълон қилинарди.
Бир куни мактабимизда ўқувчилар орасида ўтказилган танлов ҳақида кичик бир ахборот ёзиб, почта орқали газета таҳририятига жўнатдим. Газетанинг навбатдаги сонларининг бирида менинг имзом билан хабар чоп этилди. Барча синф ўқувчилари иштирокидаги эрталабки йиғилишда мактабимиз директори Ғуломназар Эгамназаров газетани қўлига олиб, хабарни ўқиб берди ва мени мақтади. Бир қишлоқ мактабидаги кичкина бир тадбир ҳақидаги хабар менга салкам машҳурликни олиб келди ва журналист бўлиш ҳақидаги орзуларимга қанот бағишлади.

Йиллар ўтиб бу ниятим ушалди. Дастлаб Ўзбекистон радиосида, сўнгра “Совет Ўзбекистони”, “Ёш ленинчи” газеталарида ишладим. Илк бор газеталарда мақолаларим чиқа бошлаганда, келажакда даврнинг забардаст ижодкорлари, шоир ва ёзувчилар билан бир сафда ишлаш бахти насиб этишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Ўтган асрнинг 1987 йиллари тақдир мени Одил Ёқубов бош муҳаррирлик қилаётган зиёлилар газетаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га етаклади. Ўша пайтларда бу газетага ишга киришни орзу қилмаган журналист бўлмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Газета саккиз саҳифадан иборат бўлиб, салкам саккиз юз минг нусхада чоп этиларди.
Кўплаб нашрларнинг таҳририяти “Матбуотчилар-32” биносида жойлашган бўлиб, бу ерда ҳаёт кеча-ю кундуз қайнарди. Чунки республикадаги ягона “Шарқ” нашриётида газета ва журналлар ва турли соҳага оид китоблар босмадан чиқарилиб, барча ҳудудларга тарқатилар эди. Бинога кираверишда дўкон бўлиб, босмахонадан чиққан турли номдаги газета ва журналлар, китоблар савдоси йўлга қўйилган эди. У пайтларда газета сотадиган дўконлар жуда кам бўлганлиги сабабли керакли нашрнинг бирор сонини топиш илинжида бўлганлар шу ердан, албатта, излаганларини топишган.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ҳар бир сони узоғи билан икки-уч кунда сотилиб кетарди. Сабаби, газета мамлакатдаги энг долзарб муаммоларни очиқ ёритишда бошқа нашрларга қараганда анча илдам эди. Бунинг учун эса муҳаррирда катта юрак, иқтидор, олдиндан кўра билиш, ватанпарварлик ва шижоат бўлиши лозим. Одил Ёқубовда бу фазилатларнинг барчаси тўлиқ мужассам эди.
Саккиз саҳифалик газетани бир кунда тайёрлаш ва уни босмахонага етказишнинг имкони бўлмаган. Чоршанба куни газетанинг асосан ички саҳифалари тайёрланиб, босмахонага топшириларди. Қолган биринчи, иккинчи ва еттинчи, саккизинчи саҳифалари пайшанба куни тайёрланарди. Одил ака, менингча, газета босилгунча кечалари ҳам ором олмаган.
Бир пайшанба куни Одил ака иш бошланиши билан ижодий ходимларни маслаҳатга йиғди. Кечаги топширилган икки саҳифани қайта тайёрлаш лозимлигини айтди. Ҳамма ҳайрон бўлиб турганда масъул котибимиз Маматқул Ҳазратқулов: “Одил ака бунинг иложи йўқ. Босмахона рухсат бермайди, кейин унга плёнка, металл тунука, бўёқ каби яна кўплаб материаллар кетган. Булар маблағ талаб этади” деди. Шунда Одил ака, “Сиз бу ёғидан хавотир олманг, харажатларини мен ўзим бўйнимга оламан. Сиз рухсат олинг ва ишга киришинг” деди.
Икки саҳифадаги материаллар олиб ташланди ва катта шов-шувга сабаб бўлган мақолалар жойлаштирилди. У пайтда ҳозиргидек бир тугмачани босиш билан ҳаммаси осонгина жойига тушадиган вазиятлар қаёқда дейсиз.

Яна бир мисол. Бир куни Маматқул ака, қўлимга ўн сўм пул бердилар-да: “Буни Одил ака бердилар. Пастдаги дўконда нечта газетамиз қолган бўлса, ҳаммасини олиб чиқинг” дедилар. Аввалига демак нимадир бўлган. Ё газетада жиддий хатолик ўтган ёки кимдир шу сондан кўпроқ олиб қўйишни илтимос қилган деб ўйладим ва дўкондаги газеталарни олиб чиқдим.
Газетани сотиб олишга мен ўйлаган икки сабаб ҳам асосли эмаслиги кейин маълум бўлди. Газета жума куни чиқар ва узоғи билан сешанба куни пешингача турарди. Бу ҳам ҳар замонда бир бўларди. Газета икки-уч кун туриб қолдими демак, ўқиладиган материал берилмаган деб тушунилган экан. Одил ака ана шундай орияти кучли инсон эди.
Газетада узоқ вақтлар ишладим. Иброҳим Ғафуров, Маматқул Ҳазратқулов, Аҳмаджон Мелибоев, Мурод Абдуллаев, Сирожиддин Саййид, Саъдулла Ҳаким, Ўктам Мирзаёров, Салим Ашуров ва яна кўплаб республиканинг энг кўзга кўринган фидойи журналистлари билан бир сафда меҳнат қилдим. Ҳамманинг ўз ўрни ва ўз қараши бўлганидек, Одил Ёқубовнинг ўрни ва овози бошқача эди. У ҳазил-мутойиба, бағрикенглик, қўли очиқлик, борини беришликни ҳам жойига қўядиган инсон бўлган.

Давр ўзгарди, дунёқараш ўзгарди. Муҳаррирлар ўзгарди. Газета тайёрлаш, китоб нашр этиш техника зиммасига тўлиқ юкланди. Компьютер бу меҳнатларни анчагина соддалаштирди ва осонлаштирди. Шунга яраша ишхона жиҳозлари ҳам замонавийлик сари юз бурди. Кўркам мебеллар, ихчам ўриндиқлар ва замонавий дизайнлар хоналарни янада ёриштириб юборди. Шундай бўлгач, эскилари ортиқча бўлиб қолди.
Шундай кунларнинг бирида ишхонанинг эски мебелларидан олиш учун бош муҳаррирдан рухсат олдим. Ҳовлида ортиқча нарса бўлмайди, керакли тошнинг оғирлиги йўқ, деган мақолга амал қилиб Одил Ёқубов ўтирган қизил чармли кресло ва ўндан ортиқ чарм стулларни уйга олиб кетдим.
Ҳозир ўша кресло менга мард ва танти, адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, самимий инсон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовни ҳар лаҳза эсимга туширади. Шу билан бирга узоқ йил “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритган кўплаб қаламкашларни, таҳририятга ташриф буюрган ижодкорларни ёдимга солади. Ўша қизғин иш, самимий давраларни соғинаман.
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.