Франция 15 ёшгача ижтимоий тармоқни тақиқламоқчи
“Italpress” нашри ёзишича, Франция ҳукумати 15 ёшга тўлмаган ўсмирлар ижтимоий тармоқдан фойдаланишини тақиқловчи янгиланган қонун лойиҳасини Европа комиссиясига топширган.
Бу ҳақда мамлакат Президенти Эммануэль Макрон маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат август ойи ўрталарида Конституциявий кенгаш билдирган мулоҳаза ва Европа Иттифоқи қонунчилиги талабидан келиб чиқиб пухта қайта ишлаб чиқилган.
Франция раҳбари интернетда вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мазкур ташаббусни бутун қитъа ҳудудида ягона стандартга айлантириш фикрини илгари сурмоқда. У Европа комиссияси раҳбари билан мулоқотда ҳам муайян чекловни Европа даражасида тезкорлик билан жорий этиш, умуман платформа фаолиятини тартибга солиш қатъий ва устувор вазифа бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, у ёш авлодни рақамли маконда ҳимоя қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаётган ҳамкорларига миннатдорлик билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА