Форс кўрфази давлатлари Ҳурмуз бўғозига муқобил йўналиш изламоқда
Форс кўрфази мамлакатлари нефть қувури тармоғини Ҳурмуз бўғозидан ташқарига кенгайтиришни кўриб чиқмоқда ва шу орқали асосий нефть экспорти йўналишига боғлиқликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу ташаббус минтақада юк ташишда ортиб бораётган хавф асносида муҳокама қилинмоқда.
“Financial Times” газетаси ёзишича, асосий вариантлардан бири Арабистон ярим оролини Ўрта ер денгизи билан Исроилнинг Хайфа порти орқали боғлайдиган савдо йўлагини яратишдир. Бундай йўналиш экспорт йўлакларини диверсификация қилади ва тор юк ташиш йўллари билан боғлиқ хавфни камайтиради.
Ҳисоботга кўра, Саудия Арабистони минтақада инқироз даврида ҳам барқарор нефть экспортини сақлаб қолишга муваффақ бўлган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Ушбу давлат нефть конларини Қизил денгиздаги Янбу порти билан боғлайдиган Шарқ-Ғарб қувур йўналиши бунда муҳим ўрин тутади.
Таъкидланишича, муҳокама қилинаётган ташаббуслар нафақат янги қувур тизими ётқизиш ва мавжудларини такомиллаштириш, балки интеграциялашган инфратузилма - темир йўл ва автомобиль трассалари ривожлантирилишини ҳам кўзлайди. Бу минтақага Ҳурмуз бўғозига боғлиқликни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Мақолада тилга олинган асосий лойиҳа АҚШ бошчилигидаги Ҳиндистон - Яқин Шарқ - Европа (ИМЕC) қувур йўналиши бўлиб, Ҳиндистонни Ўрта ер денгизи билан автомобиль йўли, темир йўл ва қувур тармоғи орқали боғлайди. Мазкур режа учун асосий қийинчилик Хайфа портини ушбу йўналишга киритиш учун Саудиянинг розилигини олишдир.
С.Раҳимов, ЎзА