Эбола кимлар учун хавфли?
“Бундибугйо” вируси билан касалланган беморларни даволаш тажрибасига эга угандалик шифокор Элижа Кииза "РИА Новости" агентлигига берган интервьюсида кексалар ва диабетга чалинганлар учун Эбола вирусини юқтириш хавфи юқори эканини таъкидлади.
“Қариялар хавф остида, чунки улар одатда заиф иммунитет тизимига эга. Диабет билан касалланганлар ҳам эболани осон юқтириши мумкин”, деди у.
Агентлик манбаси аломат бундай беморларда тез ривожланиб бориши, болаларда эса тахминан бир ярим ҳафта давом этиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, мутахассис ушбу зараркунанда ҳомиладор аёллар соғлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиришини қўшимча қилган.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикаси ва Угандада “Бундибугйо” вируси келтириб чиқарган Эбола эпидемиясини соғлиқни сақлаш тизими учун халқаро миқёсда ташвиш уйғотадиган фавқулодда ҳолат, дея эълон қилган эди.
Ёввойи ҳайвондан одамга юқадиган мазкур офатнинг дастлабки белгилари иситма, мушак қисқариши, бош оғриғи ва томоқ оғриғи билан намоён бўлади. Шундан сўнг буйрак ва жигар фаолияти бузилади, баъзи ҳолларда ички ва ташқи қон кетиши кузатилади.
ЖССТнинг Россиядаги идораси Эбола фақат вирусдан касалланган ёки вафот этган одамнинг қони, тана суюқлиги билан бевосита алоқа йўли билан, шунингдек ифлосланган буюм ва сирт орқали юқиши мумкинлигига ҳам эътибор қаратган.
17 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эбола эпидемиясини халқаро миқёсда ташвиш уйғотадиган соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолати сифатида эълон қилди.
С.Раҳимов, ЎзА