Фидойилик ва жасорат хотираси
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, ЎзЛиДеП ва музей ҳамкорлигида “Фидойилик ва жасорат хотираси: бугунги ёшлар нигоҳида” мавзусида анжуман ўтказилди.
Тадбирда сўз олган депутатлар Ойдин Абдуллаева ҳамда Отабек Мусурмонов бугун ёшларимизга яратилган кенг имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталар экан, ана шундай ҳур, эркин, озод ва обод Ватан орзуси, илм-маърифатли авлод орзуси жадид боболаримизнинг асл мақсад ва маслаги бўлганига урғу берди.
[gallery-29258]
Бу кунларга етиб келишимизда миллатимиз маърифатлилиги йўлида жонини фидо қилган аждодларимизнинг хизматлари, қаҳрамонликлари, фидойилиги алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
Уларнинг мисли кўрилмаган даражадаги миллатпарварлиги, юртнинг эртаси бўлган ёшларнинг илм-маърифатли бўлиши йўлида кўрсатган жасоратлари бугунги авлод учун намуна экани айтиб ўтилди.
Таъкидландики, юрт озодлиги, миллат уйғоқлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун қатағонга учраган, сургун қилинган, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган боболаримизни фақатгина Хотира ва қадрлаш куни арафасида эмас, ҳар доим эслаш, хотирлаш, уларнинг жасоратини, матонатини ёш авлодларга етказиш муҳим ҳисобланади.
– Ватанимиз мустақиллиги ва равнақи йўлида минглаб ота-боболаримизнинг хизматлари катта, – дейди депутат Отабек Мусурмонов. – Уларнинг қаҳрамонликларини хотирлаш ва қадрлашда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу ерда намойиш этилган тарихимизга оид аниқ фактлар ёшларимизнинг ўтмишдан тўғри хулоса чиқаришига хизмат қилади. Энг муҳими, бугунги авлод бор кучини билим олишга сарфлаши ва шу орқали мамлакат равнақига ҳисса қўшиши лозимлигини яна бир бор эслатади. Шу маънода ёшлар билан бундай учрашувлар алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Тадбирда музей ходими Азиза Аҳророва маъруза қилиб, музейнинг илмий ходимлари томонидан қатағон қурбонлари номларини тиклаш, тарихини ўрганиш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, ёшлар ҳам сўз олиб, аждодларга муносиб авлод бўлиш илинжида ҳаракат қилиш ҳар бир ёшнинг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши кераклигини қайд этди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи заллари бўйлаб экскурсия қилди ҳамда тарихий факт ва маълумотлар билан яқиндан танишди.
Муҳтарама Комилова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА