Фронтга сафарбар этилган юртдошларимиз 1 миллион 951 минг нафарни ташкил этган
Шу кунларда юртимиз бўйлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Ғалаба боғида” “Иккинчи жаҳон уруши: янги тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар” мавзусида ўтказилган конференция шулардан бири бўлди.

Конференцияда кейинги йилларда олиб борилган илмий изланишлар натижасида урушда иштирок этган ўзбекистонликлар сонига оид янги маълумотлар аниқлангани қайд этилди.
Жумладан, фронтга сафарбар этилган юртдошларимиз сони 1 миллион 951 минг нафарни ташкил этган. Бу эса ўша даврдаги аҳолининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этган.

Урушда ҳалок бўлганлар сони 538 мингдан зиёд, бедарак йўқолганлар эса 158 минг нафардан ортиқ экани маълум бўлган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг фашизмга қарши курашдаги муносиб ҳиссаси, жасорати ва фидойилиги алоҳида эътирофга муносиб эканини қайд этди. Уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади.

Сўзга чиққанлар уруш йилларида халқимизнинг фронт ортидаги меҳнатини ҳам алоҳида тилга олди. Ўзбекистон фронт учун муҳим таянч базага айланиб, ҳарбий техника, қурол-яроғ, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминлашда катта ҳисса қўшган. Шунингдек, республика ҳудудига кўчирилган корхоналар ва эвакуация қилинган аҳолига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами юксак баҳоланди.
Конференция доирасида уруш қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларининг жасоратини абадийлаштириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тарихий хотирани асраш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Президент ташаббуси билан барпо этилган “Ғалаба боғи” ва амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бу йўналишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тарихий хотирани асраш, қаҳрамонлар жасоратини улуғлаш ва тинчликнинг қадрига етиш бугунги ва келгуси авлодлар олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Тадбир доирасида, шунингдек, Италияда нашр қилинган “IL Contributo del popolo Dell’ Uzbekistan alla vittoria nella seconda guerra mondiale” (Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси) китоб-альбомининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши тарихи бўйича илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш, архив материалларини чуқур ўрганиш ҳамда жамоатчиликка етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА