Алишер Навоий меросининг фидойи тадқиқотчиси
Мустақиллик йилларида юртимизда буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий меросини шўро даври мафкуравий тазйиқларидан холи ҳолда, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда исломий-ирфоний мазмун асосида холис тадқиқ этиш тизими шакллантирилди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик довонида миллий маънавиятимиз пойдеворини янада мустаҳкамлашда Ҳазрат Алишер Навоий мероси улкан манба бўлиб хизмат қилаяпти.
Истиқлол даврида шоир асарлари асл ҳолида халққа етказилиб, унинг ижоди жаҳон миқёсида янгича талқин этилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Алишер Навоийнинг барча маълум асарлари илк бор тўлиқ, академик меъёрларга мувофиқ бир неча марта салмоқли жилдлик тўпламлар тарзида чоп этилиб, китобхонларга тақдим этилди.
Мутафаккирнинг «Насойим ул-муҳаббат» каби асарларида шўро даврида қисқартирилган тасаввуф намояндалари, авлиёлар ҳақидаги маълумотлар ва диний тушунчалар асл ҳолига қайтарилди. Навоий шеъриятидаги Қуръон оятлари, ҳадислар ва тасаввуф фалсафаси холис илмий асосда ўрганила бошланди. Шоир ижодининг Шарқ мумтоз адабиёти билан узвий боғлиқлиги чуқур таҳлил қилинди. Шунингдек, Алишер Навоий ҳаёти, ижоди, замондошлари ва асарлари тилига оид маълумотларни қамраб олган кўп жилдлик махсус қомуслар яратилди.
Мустақиллик тақдим этган имкониятлар туфайли Навоий асарларининг Туркия, Эрон, Озарбайжон, Россия ва Афғонистон қўлёзма фондларида сақланаётган нодир нусхалари ва факсимиле нашрлари юртимизга олиб келинди. «Хамса» достонлари ва ғазаллари инглиз, француз, немис, турк, араб ҳамда бошқа тилларга юксак бадиий маҳорат билан таржима қилинди.
Улуғ аллома меросини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда илмий марказлар ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу муассасалар самарали фаолият кўрсатмоқда.
Навоийшунослик ривожида фидойи олимлар қаторида атоқли тадқиқотчи, сўз санъати билимдони, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор Олимжон Давлатов ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Олимжон Давлатов замонавий ўзбек навоийшунослиги, матншунослиги ва шарқшунослиги тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган фаол олимлардан биридир. Унинг навоийшунослик соҳасидаги энг муҳим хизматларидан бири фундаментал дарсликлар яратишдаги иштирокидир. Жумладан, у Ш.Сирожиддинов ва Д. Юсупова билан ҳаммуаллифликда 2018, 2019 ва 2020 йилларда нашр этилган, республика олий таълим муассасаларининг филология ҳамда тил ўқитиш йўналишлари учун асосий ўқув қўлланма ҳисобланган «Навоийшунослик» интеграл дарслиги муаллифларидан биридир. Ушбу дарсликда соҳадаги энг сўнгги илмий янгиликлар ва Навоий асарлари поэтикасига доир замонавий талқинлар ўз аксини топган.
Олим мутафаккир Навоий бобомизнинг мураккаб қўлёзмалари ва асарларини ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрларига мослаштириш, уларга луғат ва илмий шарҳлар тайёрлаш устида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Унинг бевосита иштирокида Алишер Навоийнинг тўрт жилдлик «Хазойин ул-маоний» куллиёти (2011), диний-тасаввуфий аҳамиятга эга «Насойим ул-муҳаббат» тазкираси (2015), шунингдек, Навоий ижодига катта таъсир кўрсатган Ҳофиз Шерозийнинг «Девон»и (ўзбек тилидаги луғат ва изоҳлари билан, 2012) нашр этилди.
Олимжон Давлатовнинг Навоий шеъриятидаги илоҳий ва диний рамзларни тадқиқ этишга бағишланган ишлари унинг энг йирик илмий ишлари сирасидандир. Унинг «Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини» мавзусидаги монографияси мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Мазкур асар кейинчалик турк тилига таржима қилиниб, Истанбулдаги «Akademik Kitaplar» нашриёти томонидан чоп этилди ва халқаро илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилди.
Олимжон ака аллома бобомиз меросини наинки Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбига сингдириш, навоийхонлик тадбирлари ва халқаро анжуманларни ташкил этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг матбуот ва илмий журналларда Навоий ғазаллари шарҳига бағишланган кўплаб мақола ва илмий ишлари адабиёт мухлислари томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан мутолаа қилинади.

— Ҳазрат Навоий асарлари мазмунини тарғиб этиш ишлари аввал ҳам бўлган ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди, — дейди филология фанлари доктори, профессор, навоийшунос Олимжон Давлатов. — Навоий ҳар бир байтида беқиёс маънолар хазинасини мужассам этган. Мутафаккир шоирнинг ҳар бир сўзи замиридаги маъноларни кашф этиш ва уларни китобхонларга етказиш ҳар бир навоийшунос ва ижодкорнинг муҳим вазифасидир. Шу маънода кейинги йилларда Алишер Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, алломаларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, шунингдек, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш масъулиятли ва шарафли вазифадир. Устоз олим, фидойи тадқиқотчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Олимжон Давлатов ана шу эзгу мақсад йўлида самарали меҳнат қилаётган мамлакатимиз зиёлиларининг муносиб вакилларидан биридир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири