Фермер харажатга эмас, натижага қараши керак
Мамлакатимизда пахта ҳосилини юқори ва сифатли олиш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон пахтачилигида фан, илмий ёндашув ва инновацияга асосланган янги технологик давр бошланди.
Маълумотларга кўра, жорий йил республика бўйича 889,5 минг гектар майдонда пахта парваришланмоқда. Шундан 305,2 минг гектари Шинжон агротехнологияси асосида етиштирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Фермерлари Кенгашининг жорий йил 15 июлдаги қўшма мурожаатида 1 августдан бошлаб ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, Этефон қўллаш тавсия этилган эди.
Хўш, бундан қандай мақсад кўзланган?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу ғўзанинг физиологик пишиш жараёнини жадаллаштиради, ортиқча ўсишни тўхтатиб, шаклланган кўсакларни тўлиқ етилтириб, ҳосилни оширади. Рақамлар билан ёндашадиган бўлсак, ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, Этефон препаратининг 1 литри ўртача 130–140 минг сўм атрофида. Бир гектар пахта майдонида Этефонни қўллашнинг биринчи босқичи учун ҳисобланган харажат 332 минг сўмни ташкил этади.
Яна бир савол: бу суммани сафлаш орқали фермер нимага эришади?
Таҳлилларга кўра, 76×10 қўшқатор усулида экилган 1 гектар майдонда ўртача 220 минг туп ғўза шаклланган бўлса, ҳар бир тупда ўртача 9 тадан, яъни 8–10 та атрофида бўлиқ кўсак мавжуд бўлганда, далада қарийб: 1 миллион 980 минг дона — 2 миллионга яқин бўлиқ кўсак шаклланади.
Ғўза кўп йиллик ўсимлик бўлгани боис, мавсум охирида ҳам янги барглар чиқариб, ўсишга интилади. Агар у ўз ҳолига ташлаб қўйилса, поя ва илдиздаги озуқа моддалар ҳавога совурилади. Даладаги ўша асосий бўлиқ кўсаклар ичидаги тола ва чигит пуч ва енгил бўлиб қолади. Этефон сепилмаган далада битта кўсакдаги пахта вазни 3 грамм атрофида айланиб, ҳосилдорлик 59,4 центнерни ташкил этади ва унинг ҳам салмоқли қисми кузги совуқда очилмай нобуд бўлади.
Этефон ўсимликка сунъий равишда “Қариш сигнали” беради ва беҳуда ўсишни тўхтатади. Бор озиқавий “мерос” тўғридан-тўғри даладаги 1 миллион 980 минг дона бўлиқ кўсакни тўлдиришга мажбур қилинади. Натижада чигит тўлишиб, тола пишади ва битта кўсакдаги пахта вазни камида 4 граммдан ошади.
Мана шу вазн фарқи (3 граммдан 4 граммга етиши) ҳисобига гектарига ҳосилдорлик 79,2 центнерга чиқади. Яъни фермер фақат вазн фарқи ҳисобига гектаридан камида 19,8 центнер (1 980 кг) қўшимча тоза ҳосилни нақд қилади. Шу биргина омилдан фермер чўнтагига 15 840 000 сўм (1 980 кг. × 8 000 сўм).
Эскича усулда териладиган бўлса, пахта бўлиб-бўлиб, очилади. 2-3 марта қайта-қайта теришга тўғри келади. Бу ортиқча транспорт, ташкилий харажат ва вақтни бой беришдир, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Этефон қўлланилганда эса кўсакларнинг 90-95 фоизи бир вақтда лўппи бўлиб очилади. Фермер далага бор ишчи кучини ёки комбайнни атиги бир марта киритади ва ялпи ҳосилни бирданига йиғиб олади. Бу қайта-қайта терим ташкил қилиш харажатларини қисқартиради. Комбайнларнинг иш унумдорлиги 20-25 фоизга ошади.
Ҳосилни кечиктиришнинг яна бир иқтисодий хавфи бор. Эрта ва бир маромда пишган пахта кузги ёмғир, намгарчилик; лой, совуқ каби омилларга камроқ дуч келади. Натижада пахтани сифатли ҳолда йиғиш имконияти ортади.
Ҳисоб-китобларда юқори сифатли, 1-сорт пахта учун олинадиган қўшимча қиймат: 500 000 сўм/гектар деб белгиланган. Аксинча, теримни ноябргача чўзиш пахтанинг намланиши ва ифлосланиши хавфини оширади. Бу эса сифат ва нархга салбий таъсир қилиши мумкин.
Дарҳақиқат, пахтачиликда иқтисодий самара фақат пахтанинг ўзи билан тугамайди. Пахта ўз вақтида йиғиштириб олинса, ер тезроқ бўшайди. Бу эса, кузги буғдойни оптимал агротехник муддатда экиш имконини беради. Шу маънода Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масалага илмий жиҳат ва аниқ иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида ёндашиш лозимлигини таъкидлайди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА