Фермер ва тадбиркорларга Президент қарорлари мазмуни юзасидан тушунтириш берилди
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида Амударё туманида давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қарор ва фармонлари мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Давлат ташкилотлари масъуллари, чорвачилик ва паррандачилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, фермерлар, кластерлар ва соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда Президентимиз қарорларида белгиланган янги имкониятлар, давлат томонидан яратилган қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарорлар чорвачилик ва паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Семинар давомида иштирокчиларга қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жумладан, имтиёзли кредитлар ва узоқ муддатли молиялаштириш имкониятлари, кредит фоизларининг бир қисмини давлат томонидан компенсация қилиш тартиби, чорва ва паррандачилик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, озуқа базасини мустаҳкамлаш, омухта ем ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича яратилган имкониятлар ҳамда соҳада янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича берилаётган имтиёзлар хусусида маърузалар қилинди.

Тадбир иштирокчилари Президентимиз қарорлари орқали яратилган имтиёзлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Айниқса, паррандачилик ва чорвачилик билан шуғулланаётган тадбиркорларда янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва давлат томонидан тақдим этилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича катта қизиқиш уйғонди.
Семинар якунида қарорларда белгиланган вазифаларни жойларда самарали амалга ошириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда чорвачилик ва паррандачилик тармоғини барқарор ривожлантириш юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА