Фахрийлар ҳаёти – ибрат мактаби
Андижон вилояти божхона бошқармасида “Уч авлод учрашуви: фахрийлар ҳаёти – ибрат мактаби” деб номланган маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами олдидан ўтказилган тадбирда божхона тизимининг ёш ходимлари, соҳа фахрийлари иштирок этди.
Тадбирда Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, полковник Қаҳрамон Умаров сўз олиб, мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, уларнинг касбий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди.


Шунингдек, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси Андижон вилояти бўлинмаси раиси Тўлқин Комилжонов, божхона хизмати фахрийси Акмал Ҳасанов ҳам иштирок этиб, мустақиллик йилларида божхона тизимининг ривожланиш босқичлари, касбга садоқат, устоз-шогирд анъаналари ва ёшлар зиммасидаги масъулият ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Фахрийлар ҳаёти ёшлар учун ибрат мактаби эканлиги алоҳида таъкидланди. Ёш ходимлар фахрийлардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.

Шунингдек, тадбир доирасида бир гуруҳ ёш ходимларга навбатдаги унвонлар тантанали равишда топширилди. Уларнинг хизмат давомидаги ютуқлари эътироф этилиб, келгусидаги фаолиятларига муваффақиятлар тиланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири