Фаррух Нуруллаев: “Миллий лойиҳа” модели иқтисодий ўсишнинг янги асосига айланади” (+видео)
Энергетика соҳасида барқарорликни таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш бугунги кунда давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири саналади. Шу нуқтаи назардан, гидроэнергетика экологик тоза, ишончли ва самарали энергия манбаи сифатида стратегик аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу қарор мазмун-моҳияти ва келгусидаги вазифалар ҳақида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев ЎзА мухбирига интервью берди.
–Қарорга мувофиқ, 2026-2032 йилларда умумий қиймати 5,8 миллиард долларлик 73 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар натижасида гидроэнергетика қувватлари 2,4 бараварга оширилиб, 3266 МВт қўшимча қувват яратилади. Шунингдек, 1400 МВт қувватга эга гидротўплаш электр станциялари барпо этилиши режалаштирилган.
Бу йирик лойиҳалар мамлакат энергетика тизими барқарорлигини янги босқичга олиб чиқади ҳамда иқтисодиёт тармоқлари учун қўшимча имкониятлар яратади. Энг муҳими, қарор доирасида жорий этилаётган “Миллий лойиҳа” модели соҳада сифатли ўзгаришларни таъминлашга қаратилган.
Моделга асосан лойиҳа-қидирув ишлари, лойиҳалаш, қурилиш, муҳандислик хизматлари ва ускуна ишлаб чиқариш жараёнларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса ички ишлаб чиқариш фаоллигини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда технологиялар трансферини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур ёндашув минглаб янги иш ўринларини яратиш имконини ҳам беради. 2026-2032 йилларда айнан “Миллий лойиҳа” модели асосида 550 МВт янги қувватларни ишга тушириш режалаштирилгани унинг амалий аҳамияти ва стратегик аҳамиятини яққол намоён этади. Шу маънода, ушбу модель ички салоҳиятга таянган барқарор тараққиётнинг муҳим механизми сифатида баҳоланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/kFNOjMPtV3k?si=NiWj7jDT1NBsHoHw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж)
ЎзА